Ўзбекистон янгиликлари

“Энг маърифатли имом” танлови шартлари билан танишинг!

Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилар эди. Бу йилдан танлов “Энг маърифатли имом” номи билан Низом асосида ташкил этилмоқда. Танловнинг мақсади бугунги кун талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдир.

Танловда масжидларда камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган имом-хатиблар, имом ноиблари иштирок этишлари мумкин.

Танлов уч босқичда ўтказилади: туман-шаҳар, вилоят ва Республика босқичлари.

Танлов шартларига кўра иштирокчилар тўрт йўналиш бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланадилар.

  • Қуръони каримнинг учта жойидан тиловат қилиш, унинг тафсири ва нозил бўлиш сабабларини сўзлаб бериш. Шунингдек, Қуръони каримнинг ҳайъат томонидан кўрсатилган ўқиш ва ундаги тажвид қоидаларини баён қилиш.
  • Ақоид бўйича “Фиқҳул Акбар” китобидан ўқиб, таржима қилиб, изоҳлаб бериш.
  • Фиқҳ бўйича “Мухтасар” китобининг саккиз боби – таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж, никоҳ, талоқ ва савдо бўйича берилган саволларга жавоб бериш ва ҳайъат томонидан берилган матнни ўқиб шарҳлаш.
  • Имомнинг ОАВ ларидаги фаоллиги.

20 сентябр куни танловнинг Тошкент шаҳар туманлари босқичлари бошланди. Ҳар бир туманларда энг юқори натижа қайд этган уч нафар иштирокчи эсдалик совғалари билан тақдирланадилар. Биринчи ўринни қўлга киритган иштирокчилар эса танловнинг шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.

 

ЎМИ матбуот хизмати

манба

2915 марта ўқилди

Янгиликлар

Top