Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Аҳмад ат-Тоййиб билан очиқ ва дўстона мулоқот

Биз Миср давлатига инсоният цивилизацияси марказларидан бири, бугунги кунда катта салоҳиятга эга давлат сифатида қараймиз. Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида қадимдан алоқалар бўлган. Мана бугун Ўзбекистон билан Миср ҳамкорлигида янги босқич, амалий ишлар бошланди.
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад ат-Тоййиб бошчилигидаги делегация Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Миср мамлакатлари узоқ йиллардан буён таълим соҳаси бўйича мустаҳкам асосларга эга бўлган ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириб келмоқда. Мисрнинг фахри, ислом оламининг илмий марказларидан бири – бир минг икки юз эллик йилга яқин тарихга эга бўлган ал-Азҳар мажмуаси жаҳондаги ҳам диний, ҳам дунёвий йўналишлар борасидаги етакчи олий таълим муассасасидир.
Дунёга машҳур уламолардан бири, Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад ат-Тоййиб фалсафа ва ислом ҳуқуқи бўйича кўплаб илмий ишлар, таржималар ва мақолалар муаллифидир.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлган мулоқот чоғида Шайх Аҳмад ат-Тоййибнинг ушбу хизматларига эҳтиром тариқасида академиянинг фахрий профессори унвони топширилди.
Бош имом раҳнамолигида Ўзбекистон ва Миср алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни дўстона ришталар билан янада яқинлаштириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва ал-Азҳар университети ўртасида Англашув меморандумлари имзоланди.
Томонлар таълим бериш учун ал-Азҳар университетининг педагог кадрларини жалб этиш, академия ўқитувчиларининг араб тили бўйича малакасини ошириш, тренинглар ва маҳорат дарслари ташкил этиш, Ислом дини доирасидаги муаммоларни давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар кўринишида илмий жиҳатдан таҳлил қилиш ва бошқа масалалар бўйича келишиб олишди.
Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қуйидагиларни айтиб ўтдилар:
“Азҳари шариф бош раҳбарининг ташрифи биз учун катта шараф эканини изҳор этаман. Ўтган ойнинг аввалида Ўзбекистонга амалга оширилган Миср жумҳурияти президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сиси жаноби олийларининг ташрифлари халқларимиз орасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари тарихида янги саҳифа очди. Инша Аллоҳ Сизнинг ташрифингиз ҳам диёнат ва маърифат соҳаларидаги ҳамкорлигимиз йўналишида янги қадам бўлади. Сиз жаноби олийлари раҳбарлик қилаётган Азҳари Шариф университети билан ҳамкорлик қилиш жуда яхши натижалар беради. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик талабаларга Азҳари шарифда берилаётган илм, уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун ташаккур билдирмоқчиман”, дея ўз сўзларида таъкидлаб ўтдилар.
Очиқ, дўстона ва амалий руҳда ўтган мулоқот барча масалалар юзасидан ёндашув ва қарашлар ўхшаш эканини кўрсатди. Бугунги келишувлар Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги муносабатларни сифат ва моҳият жиҳатидан бойитиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янги, юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

127 марта ўқилди

Янгиликлар

Top