Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Абдулазиз Мансурга «Фахрий профессор» унвони берилди

Кеча, 22 октябрь куни Фарғона давлат университетида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда университет устоз ва талабалари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ва вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодировлар иштирок этди.

Меҳмонлар дастлаб «Фарғона давлат университети музейи»га ташриф буюриб, у ерда сақланаётган мамлакатимиз тарихига оид нодир манба ва ашёларни кўздан кечирдилар.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари билан университет устозлари ва талабалари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров шайх ҳазратларининг ҳаёт йўллари, илмий фаолиятлари ҳақида гапириб:

– Шайх ҳазратлари барчамиз учун устоздирлар. У киши нафақат дин илмида, балки дунё илмларини ҳам теран тушунадиган, тарих ва адабиётга ҳам қизиққан, шеъриятни идрок этадиган, ҳаётда ҳам ўзларининг олийжаноб фазилатлари ила барчамизга ўрнак бўладиган олимдир, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, шайх ҳазратлари араб ва рус тилларини мукаммал билган, шу сабаб ҳам айни вақтда Қуръони каримнинг маъноларига рус тилида шарҳ ёзаётганлари ҳам эътиборга лойиқдир. Қолаверса, Аллоҳ таоло бу кишига кўплаб фазилат ва илм қатори илҳом ҳам ато қилган десак тўғри бўлади, – дея эътироф этди.

Фарғона давлат университети ректори Р.Мақсудов – бу йил билим даргоҳи устозларидан ташкил топган кенгаш қарорига асосан «Фахрий профессор» унвони ташкил этилганини маълум қилиб, ҳурмат ва эҳтиром билан мазкур унвонни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларига топширди.

Тадбир сўнггида сўз олганлар, хусусан, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари М.Обидов Фарғона Давлат Университети томонидан шайх ҳазратларига «Фахрий профессор» унвонининг берилиши – бу тарихий воқеа бўлгани, бу ҳам бўлса юртимизда илм-фан соҳасида юртбошимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси, ўйлайманки, бу унинг илк дебочаси бўлиб, насиб қилса, ҳали бу каби хайрли ишларимиз давомли бўлади, дея таъкидлади.

Маълумот учун, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари – 1944 йили Фарғона вилоятининг Фарғона туманида таваллуд топган. 1975–1979 йиллари «Имом Бухорий» номидаги Тошкент Ислом институти (Олий маъҳад)да таҳсил олди. Олий маҳадни битиргач, “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали таҳририятида масъул котиб бўлди.

1980–1981-йиллари Судан Республикаси Ислом университетида таҳсилни давом эттирди. 1982–2006 йиллари диний идора Фатво бўлими мудири, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, “Мовароуннаҳр” нашриёти мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби масъул лавозимларда хизмат қилди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосаридир.

Шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” қайта-қайта нашр қилинди. Устоз “Саҳиҳи Бухорий”ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида тузилган диний адабиётлар нашри бўйича махсус ҳайъат раисидир.

Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати аъзоси. Кўплаб мақолалар, китоблар муаллифи.

ЎМИ Матбуот хизмати

2498 марта ўқилди

Янгиликлар

Top