Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат халқаро анжуманда нутқ сўзлади

Бугун Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтаётган нуфузли халқаро анжуманнинг биринчи куни ўз ишини якунлади. Унда таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этдилар.
Бутун дунё халқлари турли муаммоларга дуч келаётган ҳозирги мураккаб шароитда илоҳий динлар пешволари бир жойга жамланиб, ягона мақсад – йўлида ҳамкорлик қилишлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бир неча ўнлаб делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, албатта, ўзининг ижобий натижаларини беради, инша Аллоҳ.
Ушбу нуфузли анжуманда дастлабки нотиқлар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар. У киши ўз нутқларида халқлар ўртасида ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро аҳилликка эришиш, турли ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш кераклиги, ҳар бир ишда одамлар манфаатини назарда тутиш зарурлиги борасида нутқ қилдилар.
Мазкур анжуман жуда мураккаб бир даврда, дунёда кескинлик ва қарама-қаршилик авж олган, умумжаҳон халқларини янада жипслашишга, бирдамликка ундайдиган таҳдидлар зўрайган бир паллада ўтказилаётгани унинг амалий аҳамиятини янада оширишини муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда олиб борилаётган дин соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам батафсил гапириб бердилар.
Анжуман иштирокчилари муфтий ҳазратларининг нутқларини диққат билан тинглаб, мазкур нутқдан таъсирланганликларини, ҳазратнинг айтган сўзлари уларда катта таассурот қолдирганини баён этдилар.
Анжуман ишини сайтимизда ёритишда муфтий ҳазратларига ҳамроҳ бўлиб кетган Диний идора бўлим мудири Рустам Жамилов ва масъул ходим Абдулҳаким Орипов яқиндан ёрдам бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

236 марта ўқилди

Янгиликлар

Top