Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимига бағишланган видеоселекторда иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбари барча ислоҳотлардан асосий мақсад одамлар ҳаётини яхшилаш экани, сифатли тиббий хизмат бу борада муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.

«Кейинги икки йилда Президентнинг соҳага оид 50та фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг 70дан зиёд қарор ва фармойишлари қабул қилинди. 6та янги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, уларнинг сони 16тага етди. Халқимизга янада қулай бўлиши учун ҳудудларда уларнинг 10та филиали иш бошлади. Туман ва шаҳар шифохоналарида 306та янги ихтисослашган бўлимлар, 1 минг 200та тез тиббий ёрдам шохобчаси очилди. Умуман олганда, жорий йилда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилди. Йиғилишда келаси йил соҳага қарийб 30 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилгани қайд этилди. Президентнинг куни кеча қабул қилинган «Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳадаги яна бир ижобий янгилик бўлди. Унга мувофиқ, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 1 декабрдан 20 фоизга, 2019 йил 1 апрелдан яна 15 фоизга оширилади», дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

«Фармон ва қарорлар чиқарилиб, соҳага шунча имкониятлар яратилди, долзарб масалалар ҳал қилиб берилди. Лекин соғлиқни сақлаш тизимида кутилган натижалар кўринмаяпти. Айниқса, туманлар, чекка қишлоқлардаги аҳоли тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезаётгани йўқ», деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йилнинг ўтган даврида президентнинг Виртуал қабулхонасига тиббиёт соҳасига доир 45 мингдан зиёд мурожаат келиб тушгани, бу соҳада ҳали муаммолар борлигини кўрсатиши қайд этилди.

Масалан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техника базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди. Бунинг оқибатида ҳудудлардаги беморлар катта маблағ сарфлаб, Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлмоқда.

Шу боис йиғилишда тиббиёт тизимидаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, бунинг учун ҳудудлардаги ҳолатни тўлиқ қайта кўриб чиқиш, ўрганишларда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникадан марказий тиббиёт муассасаларигача қамраб олиш кераклиги таъкидланди.

ЎМИ Матбуот хизмати

2127 марта ўқилди

Янгиликлар

Top