Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда диний бағрикенглик: янги давр одимлари ва халқаро эътироф

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва миллий қонунчиликда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги барча фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шароитларни яратди. Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир.

Шунга асосан, ҳар йили 16 ноябрда Халқаро бағрикенглик кунини нишонлаш анъанага айланган. Тошкент ислом институти жамоаси ҳам ушбу анаънани давом эттирган ҳолда, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири С.Шерхонов, ЎМИ етакчи мутахассиси К.Бурҳонов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуровлар иштирок этдилар.

Тадбирни Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров олиб бориб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамкорлигида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар институт профессор-ўқитувчи ва талабаларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг тадбирнинг юқори савияда ва мазмунли ўтиши учун сўзни республикамизда виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва диний бағрикенглик тамойилларини тарғиб этишда нафақат мамлакатимизда, балки, дунё миқёсида юксак малакали ва катта тажрибага эга бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, ҳуқуқшунослик фанлари доктори, академик Акмал Саидовга берди.

Тадбирда академик А.Саидов ўзининг “Ўзбекистонда диний бағрикенглик: янги давр одимлари ва халқаро эътироф” мавзусида маъруза қилди.

Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида кейинги даврда мамлакат Президенти бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

"Ушбу ташаббусларнинг замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимизда муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда", – дейди академик Акмал Саидов.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббус кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланганини алоҳида қайд этиш даркор. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсадларидан бири бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймасликка ёрдам бериш ҳисобланади.

Академик А.Саидов ўз маърузасида халқаро майдонда Ўзбекистоннинг дин ва эътиқод эркинлиги, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва барқарорлик, тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларининг самаралари эътироф этилгани, шубҳасиз, бу борада бизга янада катта рағбат бағишлашини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида талабалар томонидан мавзуга оид саволлар берилиб, А.Саидовдан мазмунли жавоблар олдилар. Суҳбат сўнгида, институт ректори мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Тошкент ислом институти жамоаси номидан академик А.Саидовнинг 60 ёши билан чин кўнгилдан ва самимий муборакбод этиб, эсталик совғалари билан тақдирланди.

Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими

3180 марта ўқилди