Ўзбекистон янгиликлари

Умрачиларнинг кайфияти аъло

Юртимизда диний-маърифий соҳага катта эътибор берила бошлагандан кейин одамларнинг келажакка бўлган умиди янада ортди. Жумладан, ҳаж ва умра масалаларида ҳам янгича тартиб-қоидалар татбиқ этила бошланди. Ҳажга бориш квоталари оширилди, бу кўрсаткич 7200 нафарга етди. Умра квотаси эса олиб ташланиб, мунтазам Тошкент-Жидда-Тошкент қатнови йўлга қўйилди. Энди фуқароларимиз йил давомида умра зиёратини амалга оширишлари мумкин. Бу хушхабар катта тезликда бутун юртимиз бўйлаб тарқалиб, халқимизнинг қувончига қувонч қўшди. Ҳар хафтада рейслар амалга оширилиб, гуруҳларга тақсимланган зиёратчилар гуруҳ раҳбарлари ҳамроҳлигида аввал Мадина шаҳрига, кейин Макка шаҳрига бориб, умра ибодатини адо этмоқдалар. Ташриф буюраётган гуруҳлар орасида ибодатни бажаришда намуна ва ибрат кўрсатаётганлари талайгина. Кўпчилик бир жойга жамланиб, бир хил дуоларни ўқиб, бир хил амалларни бажаргани ҳамманинг кўнглини тоғдек кўтариб, ўзгача завқ бағишлади. Айтиладиган зикр ва дуоларни гуруҳ раҳбарлари навбати билан баланд овозда айтдилар, қолганлар эса мазкур дуоларни такрорлаб турдилар. Ибодат асносида зиёратчилар Каъбанинг рўпарасига ўтириб, ихлос билан баралла дуо қилдилар. Бунинг шукуҳини тасвирлаб бериш жуда қийин. Барчамиз кўзимиз тўла ёшу қалбимиз тўла ихлос билан дуога қўл кўтариб, Динимиз ривожи, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, бундай имкониятларни очиб бераётган муҳтарам Юртбошимиз бошчиликларидаги ҳукуматимиз ҳақига дуолар қилинди. Ибодатни адо этиб, биргаликда меҳмонхонага қайтдик. Умрачиларимизнинг амаллар ҳақидаги фикрлари билан қизиқсам, барчалари мамнун эканини, кўнгли тўлиб қайтганини айтишди. Аллоҳ таолодан халқимиз, юртимиз ҳақига қилинган дуолар ижобат бўлиб, барчанинг ибодатлари қабул бўлишини сўраймиз.

Нозимжон Иминжонов,
Тошкент шаҳри 8-гуруҳи раҳбари,
Макка шаҳри.

2278 марта ўқилди

Янгиликлар

Top