Ўзбекистон янгиликлари

Онлайн диний савол-жавобни биласизми?

Диний идора Фатво бўлими бир неча ойдан бери мўмин-мусулмонларнинг шаръий масалаларига илмий ва асосли жавобларни туну кун “SavollarMuslimUzBot” орқали тақдим этиб келмоқдалар. Ушбу телеграм орқали ҳар куни 50-60 та, ҳафтасига 300-350 та, ойига эса 1300 тадан ортиқ турли мавзудаги саволлар келиб тушмоқда ва уларга Фатво ҳайъати аъзолари томонидан жавоблар бериб берилмоқда.
Машҳур тобеъин Муҳаммад Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ: “Дин бу нозик омонатдир! Уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!”, деганларида жуда ҳам катта ҳикмак мужассам. Шундан келиб чиқиб, ўзингизни қизиқтирган диний-маърифий саволларингизни қулай услубда, олиму уламоларга йўллашингиз мумкин ва исталган пайтда бир неча дақиқа ичида асослантирилган жавобларни оласиз.
Бунинг учун SavollarMuslimUzBot га аъзо бўлинг ва ҳафтада 7 кун, кунда 24 соат давомида саволларингизни йўлланг!
Қуйида ушбу каналда эълон қилинган бир савол-жавобни ҳавола этамиз.
Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли фатво ҳайъати аъзолари. Балиқ ва товуқларни қон ёки шунга ўхшаш нажас нарсалар билан боқиш ва нажас еган балиқ, товуқларни гўштини истеъмол қилиш мумкинми?
Жавоб: Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
Дарҳақиқат, сиз айтган қон нажосат ҳисобланиб, бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай дейди: “У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди. Аммо, зулмкор ва тажовузкор бўлмаган ҳолда, заруратан, мажбур бўлса (очлик танглиги юзасидан тановул қилса), унга гуноҳ йўқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 173-оят).
Мана шу ва шу маънодаги бошқа оятларнинг ҳукмига биноан, ҳаром қилинган нарсалардан фойдаланиш мумкин эмас. Фақат зарурат тақозоси билан жонни сақлаб қолиш мақсадида кифоя қиладиган миқдорда истеъмол қилишга шариат рухсат беради.
Гўшти ейиладиган ҳайвонларга қон ва бошқа нажосат бўлган нарсаларни бериб боқиб бўлмайди. Бордию, балиқ ёки парранда нажосат билан озиқланган бўлса, сўйилганда гўшти ёки тухумидан нажосатнинг ҳиди келса ёки таъми айниган бўлса, бундай ҳолатда у гўшт (тухум)ни ейиш макруҳ бўлади (Бадоиус-саноеъ).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

388 марта ўқилди

Янгиликлар

Top