Ўзбекистон янгиликлари

Сирдарёда Умра зиёратига борувчилар учун амалий машғулотлар бошланди

Жорий йилнинг 7-14 ноябрь кунлари Гулистон шаҳридаги «Гулистон» жоме масжидида 2018-2019 йилларда Сирдарё вилоятидан муборак Умра зиёратига бориши режалаштирилган юртдошларимиз учун ўқув-амалий машғулотлари бўлиб ўтди.

Машғулотларда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ Зокиров томонидан Умранинг мазмун-моҳияти, шартлари ҳамда адо қилиш тартиб ва одоблари тўғрисида зарур маълумотлар берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тайёрланган «Умра зиёрати» номли видео намойиш этилиб, тушунтириш ва изоҳлар берилди.

Ҳар қандай сафарга тайёргарлик билан чиқилгани каби, умрани адо қилиш учун ҳам жисмонан, ҳам маънан алоҳида ҳозирлик кўриш кераклиги, ниятнинг тўғри бўлиши, умра амалларини тўлиқ бажариш, зиёратга борганда фурсатни ғанимат билиб кўпроқ савобли ишларни қилиш, гуруҳ раҳбарларининг кўрсатмаларига риоя қилишнинг зарурлиги таъкидланди.

Умра ибодати қурби етган кишиларга суннати муаккада, яъни таъкидланган суннат амали ҳисобланади. Қуръони каримнинг Бақара сурасида: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тўкис адо этинг” — дейилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра — икки умра оралиғида қилинган гуноҳларга каффоратдир ва пок ниятда қилинган ҳаж ажри — фақат жаннатдир!», деб айтганлар. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин.

ЎМИ Матбуот хизмати

2618 марта ўқилди

Янгиликлар

Top