Ўзбекистон янгиликлари

Аҳмад Яссавий ва Сузук отага бағишланган китоб чоп этилди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Ҳазрати Шайх Сузук ота таълимоти ва маърифатлари” мавзуида тадбир ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда халқимизнинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, азиз авлиё ва алломаларимиз номини абадийлаштириш, улар мангу қўним топган масканларни обод қилишга алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди.

ЎзАнинг хабар беришича, Давлатимиз раҳбари бир неча бор пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Сузук ота» мажмуасида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Ушбу ҳудудда зиёратчилар ва ҳунармандлар учун қулай шароит яратилмоқда.

Тадбирда Асқар Обидовнинг “Хожа Аҳмад Яссавий ва Сузук ота” номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Китобда Хожа Аҳмад Яссавий ва унинг шажараси, Сузук ота (Мустафоқул) ҳамда Сузук ота маҳалласи ҳунармандлари, “Сузук ота” мажмуаси ҳақида батафсил маълумотлар, ривоятлар келтирилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

2264 марта ўқилди

Янгиликлар

Top