Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Нукусдаги мадрасага ташриф буюрди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қорақалпоғистоннинг туман ва шаҳарларига ташрифлари давомида энг олис “Каракалпакия”, “Жаслық” каби шаҳарчаларига ҳам бориб, маҳаллий аҳоли билан дилдан суҳбатлар қилдилар. Шунингдек, ўқув юртлари ва таълим масканларида ҳам бўлдилар.
Куни кеча, 21 ноябрь куни муфтий ҳазратлари Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, аввал билим юрти ҳудудида янги қурилаётган талабалар турар жойи, ошхона ва очиқ спорт мажмуаси билан танишдилар ва муҳим тавсияларни бердилар.
Муфтий ҳазратлари билим юртида таълим олаётган талаба ёшлар билан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида суҳбат қилдилар. Жумладан шундай сўзларни баён қилдилар:
– Аллоҳ таборака ва таолога беҳисоб шукр бўлсинки, юртимизнинг барча ҳудудларида улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган кунларда муҳтарам Президентимиз Қорақалпоғистон диёрига сафар қилдилар. Ушбу заминда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар ва келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар бўйича кўрсатмалар бердилар. Биз мана шундай ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва маҳаллий аҳоли билан учрашиш мақсадида Чимбой, Қўнғирот, Мўйноқ туманлари ҳамда “Каракалпакия”, “Жаслық” каби шаҳарчаларда ҳам бўлиб, маҳаллий халқ билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини бартараф этишга яқиндан кўмак бердик.
Муфтий ҳазрат билим юрти талабалари ўртасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида энг олис худуд – “Каракалпакия” шаҳарчасидан келиб билим юртида ўқиётган Косутов Едилбекка ушбу ҳудуддаги халқ умид билан уни кутаётгани, билим юртини тамомлагандан кейин астойдил хизмат қилишини таъкидладилар.
Ташриф давомида “Таҳфизул Қуръон” тўгараги фаолияти билан танишилди. Икки нафар талаба Бурҳонов Хуршидбек ва Кошкарбаев Сагидулла билим юртига келиб, араб алифбосидан ўқишни бошлагани ва бугунга келиб Қуръони каримни тўла ёд олгани мамнуният ила маълум қилинди. Ушбу натижалардан муфтий ҳазратлари жуда хурсанд бўлиб, янада ғайрат ва шижоат билан илм олиш кераклигини уқтириб, келгусида “Саҳиҳи Бухорий”, “Саҳиҳи Муслим”, “Сунани Термизий”, “Сунани Ибн Можа”, “Сунани Абу Довуд”, “Ҳидояи шариф” каби асарларни хатм қилган диний кадрлар етишиб чиқишини дуо қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2049 марта ўқилди

Янгиликлар

Top