Ўзбекистон янгиликлари

Онлайн диний савол-жавобни биласизми?

Диний идора Фатво бўлими бир неча ойдан бери мўмин-мусулмонларнинг шаръий масалаларига илмий ва асосли жавобларни туну кун “SavollarMuslimUzBot” ва savollar.muslim.uz сайти орқали тақдим этиб келмоқдалар. Ушбу телеграм орқали ҳар куни 50-60 та, ҳафтасига 300-350 та, ойига эса 1300 тадан ортиқ турли мавзудаги саволлар келиб тушмоқда ва уларга Фатво ҳайъати аъзолари томонидан жавоблар бериб берилмоқда.
Машҳур тобеъин Муҳаммад Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ: “Дин бу нозик омонатдир! Уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!”, деганларида жуда ҳам катта ҳикмак мужассам. Шундан келиб чиқиб, ўзингизни қизиқтирган диний-маърифий саволларингизни қулай услубда, олиму уламоларга йўллашингиз мумкин ва исталган пайтда бир неча дақиқа ичида асослантирилган жавобларни оласиз.
Бунинг учун SavollarMuslimUzBot га аъзо бўлинг ва ҳафтада 7 кун, кунда 24 соат давомида саволларингизни йўлланг!
Қуйида ушбу каналда эълон қилинган бир савол-жавобни ҳавола этамиз. Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли фатво ҳайъати аъзолари! Қиблага оёқ узатиб ўтириш ёки ухлашнинг шариатимиздаги ҳукми қандай?

Ва алайкум ассалом. Узрсиз оёқни қиблага узатиш макруҳ экани борасида ҳанафий мазҳаби уламолари иттифоқ қилишган. Чунки қибла шариатимизнинг шиорларидан саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:


وَمَن يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِن تَقْوَى الْقُلُوبِ


яъни: "Яна кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир" (Ҳаж сураси, 32-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмонларни "қибла аҳли" деб номлаганлар. Бу ҳам қибла Ислом шиори эканига далилдир.
Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ уламоларидан Муҳаммад Амин Ибн Обидин беморнинг намозига доир масалаларни баён қилиб шундай деган:
"Ўтириб намоз ўқий олмайдиган киши намозини ётиб боши билан ишора қилиб ўқийди. Оёғи қибла томонга қараган бўлади, лекин бироз тиззасини букиб олади. Чунки оёқни қиблага узатиш макруҳ. Бошини бироз кўтариб қиблага юзланиб туради" ("Раддул муҳтор", Касалнинг намози боби).


وَيُكْرَهُ مَدُّ الرِّجْلِ إلَى الْقِبْلَةِ وَإِلَى الْمُصْحَفِ وَإِلَى كُتُبِ الْفِقْهِ فِي النَّوْمِ وَغَيْرِهِ .


"Оёқни Қиблага, Мусҳафга ва фиқҳ китобларига чўзиш уйқуда ҳам бошқа пайтда ҳам макруҳ" ("Табйинул-ҳақоиқ шарҳу Канзид-дақоиқ", Намозда қиблага юзланиш боби). Валлоҳу аълам.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

2972 марта ўқилди

Янгиликлар

Top