Ўзбекистон янгиликлари

Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Хоразм вилоятига сафарлари бошланди. Муфтий ҳазратлари вилоятга ташрифни янги «Ниёз Муҳаммад Охунд бобо» жоме масжиди билан танишишдан бошладилар.
Муҳтарам Президентимиз ўтган йил январь ойида Хоразм вилоятига ташрифлари давомида ушбу масжид пойдеворига биринчи тамал тошини қўйиб, масжиднинг кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишини таъминлаш бўйича топшириқлар бериб, фикр-мулоҳазалар билдирган эди. Орадан бир ярим йилдан ошиқроқ вақт ўтгач, хайрли иш ниҳоясига етди. Умумий майдони 3,5 гектарни эгаллаган масжид мажмуасида 4000 нафар намозхон учун барча зарур бўлган шарт–шароитлар муҳайё қилинди.
Муфтий ҳазратлари янги масжидга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва жоме масжидни ўзига хос услуб ва меъморчилик асосида бунёд этилганига алоҳида эътибор қаратдилар.
Масжидга жам бўлган мўйсафид отахонлар давлатимиз Раҳбари томонидан халқимизга туҳфа этилган мана шундай муҳташам жоме масжид учун миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2477 марта ўқилди

Янгиликлар

Top