Ўзбекистон янгиликлари

“Тошкент сити” қурилиш комплексига саёҳат уюштирилди

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида турли хил тадбирлар мунтазам равишда белгиланган режа асосида ташкил этилмоқда.

“Кўкалдош”  ўрта  махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари иштирокида Ватанимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар билан яқиндан танишиш ҳамда  ёшларда она Ватанга муҳаббат  ва ғурур туйғуларини уйғотиш   мақсадида  Тошкент шаҳрида шаҳримиз қиёфасига кўрк бўлиб қўшилаётган “Тошкент сити” қурилиш комплексига саёҳат уюштирилди. Барчамизга маълумки, Тошкент шаҳрида қурилаётган “Тошкент сити” қурилиш мажмуаси барчанинг нигоҳида. Ушбу жойда амалга оширилаётган улкан  бунёдкорлик ишлари, замонавий технологиялар асосида олиб борилаётган қурилиш жараёнлари ва янги лойиҳалар билан яқиндан танишишди. Қурилиш комплекси вакили ўқитувчи ва талабаларга қурилишда олиб борилаётган ишлар, маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг фаолиятлари ҳақида маълумотлар берди. Бу жойдаги жамиятимиз ободлиги йўлида ўз ҳиссаларини қўшаётган ҳар бир касб эгаларини кўриб барчанинг кўнглида она Ватанга ва уни обод этишга бўлган қизиқишлари янада шаклланди.  Талабалар ушбу саёҳатдан катта таассуротлар билан қайтдилар.

Шунингдек талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказиш мақсадида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари  Ўзбек Миллий академик театрига бордилар. Миллий театрнинг саҳна усталари томонидан маҳорат билан ижро этилган драматик асарларни жонли равишда саҳнада кўриш томошабин талабалар онгида бутунлай бошқача тасаввур уйғотди. Айниқса, Мирзо Улуғбек ролининг Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов томонидан талқин этилиши томошабинлар таҳсинига сазовор бўлди. “Мирзо Улуғбек” драмасини саҳнада томоша қилиш билим юрти талабаларига Темурийлар даврини эслатди.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида маънавий ва маърифий руҳдаги бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиб туриши талабаларнинг ўтмиш тарихимизни яхшироқ ўрганиши, ҳозирги ойдин ҳаётимизга шукроналик  ҳамда буюк келажагимизга ишонч туйғуларининг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

 

 

“Кўкалдош” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

З.Мирсадиков

2186 марта ўқилди

Янгиликлар

Top