Ўзбекистон янгиликлари

«Анадолу»: сайёҳлар Тошкентда «Хасти-Имом» мажмуасига албатта ташриф буюришлари керак

Ўзбекистон ҳудудида кўплаб тарихий обидалар мавжуд, мамлакатда охирги йилларда туризмни ривожлантириш учун чоралар кўрилмоқда, уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда, деб хабар бермоқда «Анадолу» агентлиги.
Ўзбекистонда қадимги мадрасалар, масжидлар, карвонсаройлар, диний мажмуалар, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий каби машҳур ислом уламоларининг мақбаралари бор.
Тошкентда ҳам замонавий, ҳам тарихий биноларни учратасиз.
Туристлар Тошкентда, албатта, Ҳазрати Усмон Мусҳафи сақланадиган «Хасти-Имом» мажмуасига ташриф буюришлари керак. Бу муборак Қуръон учинчи халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) буйруқларига асосан VII асрда (644-648 йй.) кийик терисига кўчиртирилган. Мовароуннаҳрга Соҳибқирон Амир Темур даврида — 1375 йили Ироқдан олиб келинган. Мусҳаф узоқ йиллар Самарқанддаги Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасида сақланади. Ўрта Осиёни Русия босиб олганидан сўнг, у Санкт-Петербург императори кутубхонасига бериб юборилади. 1917 йил октябрь инқилобидан сўнг Мусҳаф Русия мусулмонлари идорасига берилган. Ўшанда Русия мусулмонлари идораси Уфа шаҳрида жойлашган эди. Шундан сўнг Тошкент, Сирдарё уламолари талабига мувофиқ, «Мусҳафи Усмонни Ўзбекистонга қайтариб бериш тўғрисида»ги ҳужжатга асосан 1924 йили махсус поезд билан Тошкентга юборилган. Мусҳаф бир оз муддат Тошкент шаҳридаги "Хожа Аҳрор Валий" масжидида, кейинчалик "Ўзбекистон тарихи" давлат музейида сақланди. 1989 йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан "Мусҳафи Шариф" Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тақдим қилинди.
«Хасти-Имом» мажмуаси таркибига Бароқхон мадрасаси, Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти, "Тилла Шайх" масжиди, Мўйи Муборак мадрасаси ва "Ҳазрати Имом" масжиди каби меъморчиликнинг ажойиб намуналари киради, дейилади агентлик хабарида.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

2454 марта ўқилди

Янгиликлар

Top