Ўзбекистон янгиликлари

"Зиёрат туризми элчиси" лавозими таъсис этилади

Ўзбекистонда дунёда сайёҳларни оҳанграбодек ўзига ром этадиган муҳим жиҳатлар бор, буни алоҳида қайд этиш зарур.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимхўжаевнинг ЎзАга айтишича "Биз сайёҳлар келишини ҳам, улар ўз пулларини бизнинг ватанимизда сарфлашини ҳам истаймиз. Давлатимиз ҳам сайёҳлик оқимини кенгайтиришдан манфаатдор, чунки бу соҳанинг тараққиёти нафақат халқаро маданий ва гуманитар жабҳалардаги уйғунлик белгиси, балки миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларининг янада ривожланиш омили ҳамдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик индустриясини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони туфайли мамлакатимиз тобора очиқ мамлакатга айланиб бораётганини кўпчилик эътироф этмоқда.

Президентимиз халқаро ҳамкорлик, қўшни мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Кўплаб мамлакатларга бориб келдилар. Натижада дунё мамлакатларини Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Агарда рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида юртимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 4,4 миллион нафарни ташкил этди, бу эса 2017 йилга нисбатан 2,2 миллионга кўп дегани. Йил охирига қадар ушбу кўрсаткич 5 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Албатта, бунда виза тизимига киритилган ўзгаришлар ҳам муҳим. Ваҳоланки, жорий йилнинг февралидан бошлаб, еттита мамлакат фуқароларига визасиз кириш, 50 та мамлакат фуқароларига кириш визаларини олиш учун соддалаштирилган тартиб, 101 та мамлакат учун транзит визалари жорий этилди.

Ўзбекистон ҳақида билмайдиган давлатлар аҳолиси борлигини ҳам инобатга олиб, тарғиботни кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Шу боис жорий йилда турли давлатларда ўтказилган 40 дан ортиқ ярмаркада иштирок этдик. Хориждаги 500 ортиқ оммавий ахборот воситаларида туризм салоҳиятимиз ҳақида чиқиш қилдик. Кўрсатувлар уюштирдик. Интернет тармоқларидан фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз.

Куни кеча Жакартада индонез тилида веб-сайт очилди. Нафақат индонез тилида балки хитой, ҳинд ва инглиз тилларида ҳам Ўзбекистон порталини қиламиз. Ҳар бир мамлакат аҳолисини ўз тилида, ўзининг тушунчаси, дизайни, услубига хос веб-саҳифалар қилмоқчимиз. Унда Ўзбекистоннинг гўзал шаҳарлари, маданияти, тарихи ҳамда дунё мамлакатлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларни кенг ёритиш ниятимиз бор.

Шунингдек, бу порталлар орқали сайёҳларнинг меҳмонхона топиши, таксилар йўналишини билиши, магазинлар хизматидан фойдаланиш каби эҳтиёжларини юз фоиз қамраб оламиз. Улар онлайн буюртма беришлари мумкин бўлади.

Туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, соҳада етук ва тажрибали мутахассислар тайёрлашдаги ҳамкорликни ривожлантириш, қолаверса юртимизнинг туризм салоҳиятини чет элда кенг тарғиб этиш мақсадида янгича ёндашув асосида хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон туризмини ривожлантириш бўйича сайёҳлик элчиси лавозими жорий қилинди. Ҳозирга қадар Япония, Жанубий Корея, Исроил, Қозоғистон, Индонезия каби мамлакатларда Ўзбекистон туризмини ривожлантириш бўйича хорижий мамлакатлардаги сайёҳлик элчилари тайинланган.

Бунда ўз мамлакатида ҳурматга лойиқ инсонлар бўлиб, маданият, санъат каби соҳаларда юқори даражага эришган инсонлар танлаб олинади. Улар давлатлар ва халқларни бир-бирига яқинлаштиради ва юртимиз салоҳиятини кенг тарғибот қилади. Қолаверса, биз учун муҳим давлатларда улар бир нечта бўлиши мумкин. Россия, Ҳиндистон, Индонезия каби давлатларда Ўзбекистонни тарғиб қилишга битта одам камдек назаримизда. Шунинг учун келгусида гастрономик, зиёрат ва агротуризм элчиларини ҳам таъсис этамиз. Яқинда Россияда гастрономик туризм элчисини тайинламоқчимиз".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2398 марта ўқилди

Янгиликлар

Top