Ўзбекистон янгиликлари

«Элсеварлик — гўзал фазилат»

Абу Язид Бистомий айтади: “Халойиқ икки ишдан ҳалокатга юз тутади: биринчиси – инсонлар ҳурматини сақламасликдан; иккинчиси – Аллоҳ берган неъматнинг шукронасини қилмасликдан. Демак, инсонларга эҳтиром ва эътибор қилиш ҳамда неъматлар шукронасини қилиб яшаш дунё ва охират нажотига сабаб бўлади.

Жалолиддин Холмўминов қаламига мансуб  “Элсеварлик — гўзал фазилат” (Мовароуннаҳр – 2017) китобида Инсонларнинг ўзаро эҳтироми, ҳурмати турли қатламлар, вазиятларда қандай намоён бўлиши билан бирга, бу хосиятли фазилатга бериладиган ажру мукофотлар ҳам баён этилади. Зеро, ҳамма вақт, ҳар жойда жамиятдаги ўзаро муносабатларда меҳр-муҳаббат, иззат-икром бўлиши гўзал ишлардан ҳисобланади.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизга иззат-икром кўрсатинглар ва одобини чиройли қилинглар” дедилар” (Имом Можа ривояти). Ушбу ҳадисда кўпгина ҳикматлар мужассам. Ота-онадан иззат-икром кўриб, одобни ўрганиб улғайган фарзанд нафақат яқинлари, балки миллати, Ватани, қўйингки, бутун инсонларга меҳрли бўлади. Аммо, иззат-икром қандай кўрсатилиши, унинг меъёрлари ҳақида ҳамма ҳам билавермайди. Рисолада ушбу саволларга ҳам жавоб топиш мумкин. Шунингдек, бунда ота-онага, устозга қандай эҳтиром кўрсатилиши, оилада эр-хотин муносабатлари қай йўсинда бўлиши аъло экани, қариндошлар, қўни-қўшнилар, маҳалладошлар, етимлар билан муносабатларда амал қилиниши лозим бўлган йўл-йўриқлар ҳақида сўз боради.

Мўъжазгина рисола ҳар бир мавзуни Қуръони карим оятлари ва ҳадислар билан далиллайди. Уни ўқирканмиз, оддийгина туюлган, аммо эътиборимиздан четда қолаётган, бироз эсимиздан чиққан ҳолатлар, баъзан йўл қўйган хатоларимиз кўз олдимизга келади. Эҳтимол, қалбимизда мудрай бошлаган эзгу ҳисларни уйғотиб, яхши амалларда бардавом бўлишга ундайди. Китоб кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.  

Муҳаррир: Муҳтарама Улуғова

Нашриёт: “Movarounnahr

Сана: 2017 йил

Ҳажми: 66 бет

ISBN: 9789943124424

Бичими: 84х108 1/32

Муқоваси: Юмшоқ

Нархи: 3500 сўм

 

69 марта ўқилди

Янгиликлар

Top