Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат синиқ кўнгилларга шодлик улашди

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилояти сафари мобайнида Хива туманида жойлашган ногиронлик уйидаги жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳаёти билан яқиндан танишдилар, ширин сўзлари билан уларнинг ўксик қалбларига хурсандчилик киритдилар.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларининг ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар қилинмоқда.
Ислом динида инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишга, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга мадад беришга доимо тарғиб этилади.
Муфтий ҳазратлари мана шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қилиб, ўзларининг илиқ сўзлари, ҳикматли гаплари билан уларнинг дилларини равшан этдилар. Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган ногиронлик аравачалари ва ётоқ чойшаблари ҳадя этилди.
Ушбу тадбирнинг энг муҳим жиҳати шундаки, улар орқали ўнлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.
Ҳа, иншо Аллоҳ, бу тадбирлар орқали қанчадан‑қанча вайрон бўлган кўнгиллар обод бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.
Жисмоний имконияти чекланган бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2201 марта ўқилди

Янгиликлар

Top