Ўзбекистон янгиликлари

Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилди

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. У мамлакатимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаган. Оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда юртимизни жадал ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирган.

Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ислом Каримов хотирасига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида буюк Йўлбошчимизнинг ҳайкали ўрнатилди.

Биринчи Президентимиз дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида улуғвор мақбара бунёд этилди. Бу ёдгорлик юртдошларимиз қадами узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, ёшлар учун катта тарбия масканига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам ушбу тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳамроҳлик қилди. Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари ёдгорлик мажмуасини сақлаш, атрофини ободонлаштириш, зиёратчиларга қўшимча қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Шу куни Самарқанд вилояти жамоатчилиги Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Қарши шаҳрида ҳам буюк Йўлбошчимиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Пойтахтимиз ва вилоятларда Биринчи Президентимиз таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1971 марта ўқилди

Янгиликлар

Top