Ўзбекистон янгиликлари

Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти

Бугун, 12 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Катта Лангар Қуръони ва унинг тарихий аҳамияти” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, таниқли уламолар, имом-хатиблар, мадрасалар мудирлари ва талаба-ёшлар қатнашди.
Ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони карим мўмин-мусулмонлар учун муқаддас китоб саналади. Айниқса, унинг энг қадимий нусхалари халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Юртимиздаги ана шундай маънавий мерослардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларидир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, қадимий ёзма асарларни тарғиб этиш борасида илмий-амалий анжуманлар ўтказилмоқда. Мазкур семинар ҳам шу мақсадга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, диний таълим муассасалари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
“Катта Лангар Қуръони ва унинг тарихий аҳамияти” семинарини ўтказишдан мақсад бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзма асарларни кенг жамоатчиликка таништириш ва улар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб боришни тарғиб этишдан иборатдир.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов семинар иштирокчиларига ўз табрикларини йўлладилар.
Сўзга чиққан нотиқлар Диний идора раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ҳаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва мутахассис Ғуломжон Холбоев кабилар Катта Лангар Қуръонининг ёзилиш тарихи, матн услублари, ҳошиялари ҳамда юртимизга келиши ва сақланиши билан боғлиқ бўлган нодир маълумотларни етказдилар.
Илмий семинарда Катта Лангар Қуръони ҳақида кўпчиликка маълум бўлмаган жуда ҳам ноёб ва қизиқарли маълумотлар ҳам баён этилди. Келгусида бу ҳақда сайтимизда батафсил баён этамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

245 марта ўқилди

Янгиликлар

Top