Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Сирдарё вилоятидаги масжидларга ташриф буюрди

Бугун, 13 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сирдарё вилоятидаги жоме масжидлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жумладан, Ховос тумани “Умар ибн Хаттоб”, “Саъду Саид”, “Ховос” ва Бахт шаҳридаги янги бунёд этилаётган жоме масжид бўйича зарур тавсияларни бердилар.
Муфтий ҳазрат дастлаб Сирдарё вилояти Ховос туманида жойлашган “Умар ибн Хаттоб” ва “Саъду Саид” масжидларига бориб, ушбу жомеларда намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлар, масжидлардаги қулайликлар, имом-хатиблар фаолияти ва масжид қавми билан танишдилар. Шунингдек, мазкур ишларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Сирдарё вилояти Ховос туманидаги “Ховос” жоме масжидида муфтий ҳазратлари Аср намозини масжид жамоаси билан бирга-бирга адо қилдилар. Жомега жам бўлган намозхонлар билан самимий суҳбат қилиб, маҳалла-кўй ободлиги ва масжидга файзу барака тилаб, хайрли дуо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги “Бахт” жоме масжидининг манзил-мақомини катта йўл ёқасига кўчириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ажратилган майдонни мутасадди ташкилотлар вакиллари билан муҳокама қилдилар. Муфтий ҳазрат диёримизда зиёрат туризми ривожланиши натижасида келаётган сайёҳлар учун шарт-шароитлар ҳозирлаш, йўловчилар ва мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун қулайлик яратиш мақсадида, “Бахт” жоме масжиди манзил-мақомини катта йўл бўйига кўчириш жуда яхши иш эканини алоҳида қайд қилдилар.
Муфтий ҳазратлари мазкур масжидларга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликларга алоҳида эътибор қаратдилар. Масжидларга жам бўлган мўйсафид отахонлар давлатимиз Раҳбари томонидан халқимиз учун мана шундай шароитлар ҳозирланганига миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар.
Сафар якунида муфтий ҳазратлари республикамизнинг Тожикистон давлатининг Суғд вилояти Зафаробод тумани билан қўшни бўлган чегара постида ҳам бўлдилар. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара постлари очилгани икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қайта тиклангани, яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлагани ва қариндош-уруғчилик алоқалари йўлга қўйилганидан элу халқ чексиз мамнун эканини таъкидладилар. Мана шундай чегара постларида туну кун хизмат қилаётган ватан ўғлонларининг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Шу билан Сирдарё вилояти сафари якунига етди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2465 марта ўқилди