Ўзбекистон янгиликлари

TIKA ваколатхонаси раҳбари: “Ўзбекистонда таълим олиб, бу заминнинг сувини ичганман”

Куни кеча, 25 февраль куни Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (TIKA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Эҳсон Чағларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилди.
Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётгани, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожида ТИКАнинг аҳамияти катта эканини таъкидладилар. Бугунги кунга қадар ташкилот томонидан жуда катта лойиҳалар амалга оширилгани ҳақида гапириб, ушбу лойиҳалар кўлами янада кенгайишига умид боғладилар. Шунингдек, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини янада такомиллаштиришда TIKAнинг бой тажрибаси ва малакали мутахассисларининг маслаҳати зарурлигини муфтий ҳазратлари билдирдилар.
Ўз навбатида, ТИКА ваколатхонаси раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия давлатларининг ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани, кўп томонлама алоқалар ривож топаётганини таъкидлади. Али Эҳсон Чағлар жаноблари “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини такомиллаштириш борасида ўзаро тажриба алмашиш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатиш, чекка ҳудудларда “Саломатлик ҳафтаси” акцияларини ўтказиш, маърифий адабиётлар нашр этиш, қадимий қўлёзма асарларини тадқиқ этиш ва ҳамкорликда халқаро анжуманлар ўтказиш борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Томонлар қайд этилган масалалар бўйича кенгашиб олиш ва уни тезроқ амалга оширишнинг муҳимлигини қайд этдилар.
Маълумот ўрнида, Туркия Бош вазир девони ҳузуридаги техникавий ёрдам кўрсатиш ташкилоти саналган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) 1992 йилда ташкил топган. Ҳозирда ташкилотнинг Европа, Осиё ва Африка қитъаларининг 140 га яқин мамлакатида 50 дан ортиқ ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.
ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1994 йил 20 майда очилган. Ваколатхона Ўзбекистондаги турли ташкилот ва идоралар билан иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириб келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

921 марта ўқилди

Янгиликлар

Top