Ўзбекистон янгиликлари

Файзиободда янгича файз:  “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди янгидан бунёд этилди

Парвардигоримизга шукрки, юртимиздаги тинчлик, омонлик ҳамда муқаддас динимиз, бебаҳо қадриятларимизни асраб авайлашга бўлган давлат даражасидаги эътибор сабаб, масжидларимиз кўркам қиёфа касб этмоқда. Зеро, бугунги кунда дунёнинг баъзи ҳудудларида инсон номига муносиб бўлмаган кимсаларнинг масжидларга қилаётган тажовузларини кўриб, бизнинг масжидларимиздаги бунёдкорликлар учун беҳад шукр қиламиз ва Аллоҳ таолодан дунёга тинчликни сўраймиз.

Тошкент шаҳрининг Файзиобод маҳалласида жойлашган “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди дастлаб 1962 йилда қурилган. Собиқ иттифоқ даврида масжид деярли фаолият юритмаган. Мустақиллигимизнинг илк йиллари - 1991-1992 йилларда Файзиобод маҳалласида истиқомат қилган Валихўжа ўғли Норхўжа исмли шахснинг хайрли ташаббуси ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида ҳашар йўли билан қайта тикланиб, ибодатлар адо этилиб турилган.

 

 

Ўтган давр мобайнида масжид биноси эскирганлиги, бугунда таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги туфайли маҳлла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди. Ва бу хайрли ташаббус қуллаб қувватлангач 2017  йилнинг Август ойида масжидда қайта қуриш ишлари бошлаб юборилган эди. Ўша йили 2 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари хайрли дуолар билан масжид биносининг биринчи ғиштини қўйиб берган эдилар. Қарийб бир ярим йил давом этган қурилиш ишларидан сўнг пойтахтда яна бир замонавий, барча қулайликларга эга бўлган янги масжид барпо бўлди.

 

 

Масжиднинг асосий хонақоҳи саккиз бурчак шаклида қурилган.  Алоҳида кўркам пастки қават ҳам мавжуд бўлиб, хонақоҳни икки қаватли деб аташ ҳам мумкин.  Бино 800 намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Масжид таҳортхонаси 32 ўринли бўлиб, юқори даражадаги шарт-шароитларга, шунингдек, ногиринлиги бор кишиларнинг таҳорат олишлари учун махсус хоналар ҳам мавжуд.

Бугун 30 март куни янгидан қуриб битказилган масжиднинг очилиш маросими ўтказилди. Унда уламолар, имом-хатиблар, маҳалла аҳли жам бўлишди. Қуръони карим оятлари ўқилиб, хайрли дуолар қилинди. Маҳалла аҳлига баҳор неъматларидан бўлмиш халим дастурхони ёзилди. Маросимда сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим  домла Иномов маҳалла аҳлини бундай кўркам масжид бунёд бўланлиги билан муборакбод этиб, янги масжид халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят ва зиё маскани бўлиб кўп йиллар хизмат қилишини Аллоҳдан сўраб, бу хайрли ишда кўмакчи бўлган барча эзга ниятли кишилар ҳақларига дуолар қилдилар. 

 

 

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимки, Аллоҳ учун кабутар тухум қўядиган жойдек ёки унданда кичикроқ бўлган бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади” (Ибн Можа ривояти). 

“Бу албатта ихлоси баланд, фидоий маҳалла аҳлининг меҳнати, дуолари самарасидир”, дейди биз билан суҳбатда масжид имом-хатиби Ҳабибуллоҳ Ҳамдамов. “Қурилиш жараёнида ҳек ким четда қолмади, ҳамма ўз имкони қадар моддий-маънавий кўмаги билан Аллоҳ таолонинг байтини обод этиш учун ўз ҳиссасини қўшиб турди. Ҳатто масжидимиз қурилишидан олдин ер майдони тўққиз сотих эди, масжидга ёндош ташкилот ва хонадон эгалари ўз ерларининг бир қисмидан бериб, масжидни бироз кенгайтиришни ўзлари таклиф қилишди. Ҳозир эса ер майдони ўн икки сотихни ташкил этади,” дея фикрларини давом эттирди имом домла.

Минг шукурларким, обод юртга обод масканлар ярашади. Юртбошининг, пок ниятли халқнинг ниятларига қараб Парвардигор ҳам бераверади.

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

2240 марта ўқилди

Янгиликлар

Top