Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқовий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда бўлиб турган нуфузли делегацияни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг изчил ривожланиб бораётганига юксак баҳо берди.

Жорий йилнинг март ойида Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги сермаҳсул учрашувлар икки давлат ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда янги босқични бошлаб бергани қайд этилди.

Ташриф якунида муҳим келишувларга эришилди, жумладан, иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд истиқболли инвестиция лойиҳалари бўйича салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди. Уларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда тегишли “Йўл харитаси” қабул қилинди.

Бугунги суҳбат давомида давлат ташкилотлари, илмий марказлар, етакчи компания ва корхоналар, банк-молия институтлари даражасида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2027 марта ўқилди