Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Cурхондарё вилоятини зиёрат қилдилар

Аввал хабар берганимиздекмашҳур олимшайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Самарқанд бўйлаб зиёратни бошлаган эдилар. Самарқанд зиёратидан сўнг меҳмонлар Сурхондарё вилояти сари йўл олдилар.

Кеча 2019 йилнинг 17 апрель куни шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг Ўзбекистондаги зиёратларининг навбатдаги қисми Китоб шаҳридан бошланди. Бунда меҳмонлар Хўжа Бухорий номидаги ўрта махсус таълим муассасасига ташриф буюришди. Ташриф асносида зиёратчилар мадраса фаолияти билан яқиндан танишдилар, устоз ва толиби илмлар суҳбат қурдилар. Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ушбу суҳбат ва танишувлардан кўп мамнун эканликларини билдириб, уларнинг ҳақларига кўпдан-кўп дуолар қилдилар.

Шундан сўнг меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг зиёратларида бўлдилар. Зиёратгоҳ ёнида қад ростлаган масжидда аср намози ўқилганидан сўнг, шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ йиғилганларга Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг умр йўллари ва илмий фаолиятлари ҳақида маъруза қилдилар.

Сурхондарё вилоятидаги кейинги зиёрат Термиз шаҳрида жойлашган Ҳаким Термизий ҳазратларининг зиёратлари бўлади. Ушбу зиёратдан сўнг шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг Сурхондарё вилоятидаги зиёратлари ўз якунига етади. Меҳмонларнинг Ўзбекистон бўйлаб зиёратлари давом этмоқда.

 

Islom.uz портали таҳририяти

2263 марта ўқилди

Янгиликлар

Top