Ўзбекистон янгиликлари

Эҳсон манзили ўзгарди

Яқинда Марғилон шаҳар «Ширмонпазлик» жоме масжиди имом ноиби вазифасида фаолият юритувчи  Азизхон Юнусовнинг олдига саҳоватпеша кишилардан бири келиб, масжидга эҳсон қилиш нияти борлиги, бу борада қандай ёрдами тегиши мумкинлиги ҳақида сўради. Азизхон Юнусов у кишига миннатдорчилик изҳор қилиб, ҳозирча масжидда ҳамма нарса етарли эканлиги, агар эҳсон қилиш ниятида бўлса етимлар учун қилинадиган эҳсоннинг ажри улуғ бўлишлиги ҳақида сўзлаб берди. Таклифдан рози бўлган суҳбатдоши Меҳрибонлик уйи болалари холидан хабар олишни дилига тугди. Муборак Рамазон ойи арафасида, 22 апрел куни имом ноиби билан биргаликда шаҳардаги “1-сонли Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига хайрия дастурхони ёзиб бердилар.

Дунёда бола чеҳрасидек нурафшон чеҳра, бола туйғусидек беғубор туйғу бўлмайди. Гуноҳдан маъсум, соф қалб эгалари шубҳасиз Аллоҳ таолонинг энг ширин неъматларидандир. Уларда улғайиб, тарбия топишлари учун шароитлар бор, бироқ, ширин калом меҳр, эътиборга мушфиқдирлар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан” деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар (Имом Абу Дардо ривояти).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

1847 марта ўқилди

Янгиликлар

Top