Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентда Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум бошланди

Тошкентда “МДҲ – Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум - 2019” бошланди.

Форум доирасида 3-4 май кунлари “Ислом банкчилиги, такафул ва ислом микромолияси” мавзусида семинарлар ўтказилади. Ушбу форум ва икки кунлик семинар “Al Huda” ислом банкчилиги ва иқтисодиёти маркази, “Sheikh Ahmed Bin Obeid Al Maktoum” халқаро инвестицион компанияси ҳамда Ислом тараққиёт банкининг ICD тармоғи билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад – юртимиз тадбиркорларини улар учун янги бўлган Ислом банкчилиги ва молияси соҳаси билан таништириш, соҳа имкониятларидан хабардор қилиш ҳамда хорижий мутахассислар билан соҳада юз бераётган янгиликларни бўлишишдан иборат.

Кейинги вақтда МДҲ давлатлари учун ислом банкчилиги ва молияси анъанавий банк-молия тизимига муқобил барқарор молиявий ечим сифатида эътироф этилмоқда.

Форум давомида ислом банк - молия соҳасидаги тарихий воқеалар, глобал ғоя ва йўналишлар, такафул (ислом суғуртаси), Ўзбекистоннинг ислом банк - молия тармоғини ривожлантиришдаги имкониятлари ва бу йўналишдаги аниқ вазифалар каби масалаларда тақдимотлар ўтказилади. Унда Канада, Покистон, Кувайт, Саудия Арабистони, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистондан ислом молия соҳасидаги тажрибали мутахассисларнинг маърузалари кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1914 марта ўқилди