Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Рамазонга янги масжидлар билан!

Рамазон  ойи арафасида, муборак Жума куни Фарғона ва Навоий вилоятларида янги жоме масжидлар қурилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди. 

“Саидаҳмадхон ҳожи” жоме масжиди

Фарғона вилоятининг Данғара туманида жойлашган “Саидаҳмадхон ҳожи” масжиди биноси эскириб қолгани, қолаверса, ноқулай жойда жойлашгани  сабаб, тўлиқ янгидан барпо этилди. Қурилиш ишлари 2 йил давом этди.

Бугун ушбу манзилда бошқа масжидларда такрорланмас, ўзига хос меъморий услубга эга янги байтуллоҳ бунёд бўлди. Масжиднинг очилиши туман аҳолиси учун чинакам байрамга айланди. Янги масжидда жума намозини адо этиш учун ошиққан кўплаб ихлос эгалари ҳовлиларга ҳам сиғмай кетдилар.

Маросимга ташриф буюрган Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ва бошқа уламолар маҳалла аҳлини бундай кўркам ибодат уйи билан муборакбод этиб, янги масжид халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят ва зиё маскани бўлиб кўп йиллар хизмат қилишини Аллоҳдан сўрашди. Бу хайрли ишда кўмакчи бўлган барча эзгу ниятли кишилар ҳақларига дуолар қилинди. 

Байрамга туҳфа сифатида ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 10 нафар фарзандларига суннат тўйи қилиб берилди ҳамда 4 нафар имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравалари топширилди.

 

 

“Шайх Абул Ҳасан Харақоний” жоме масжиди

Шу куни Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги янгидан қурилган жоме масжидининг ҳам очилиш маросими бўлиб ўтди. Масжид Республикадаги зиёрат туризми марказларидан бири бўлмиш Нурота туманидаги «Чашма» зиёратгоҳига кетиш йўлида жойлашган бўлиб, бу ердан ўтувчилар йўл-йўлакай намозларини адо этиб олишларига қулай бўлади.

Қурилиш ишлари 2017 йилда бошланган эди. Бугун эса ички биноси 600 кишини сиғдира оладиган кўркам масжид қуриб битказилди.

Энди бу масжидларда Рамазон кечаларида юқори даражадаги шароитларда таровеҳ намозлари адо этилади, хатми Қуръонлар қилинади.  Аллоҳ таоло юртимизда бўлаётган хайрли ислоҳотларни халқимизга муборак қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

2350 марта ўқилди