Ўзбекистон янгиликлари

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Рус тилига давлат тили мақомини бериш” ҳақидаги “ташаббус”га фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда, бу борада қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Мавриди келганида мен ҳам шу юрт фарзанди сифатида бу масалага ўз муносабатимни билдиришни лозим топдим.

Аввало, бу “ташаббус”ни ёқлаб чиққанлар шу юрт учун ғам чекишига, ўзбек миллати, миллий тили ҳақида қайғуриши, уларда миллий қадриятларга ҳурмат ҳиси борлигига шубҳа қиламан. Чунки, агар уларда миллий ғурур тушунчаси бўлганида бизга ёт бир тилга давлат тили мақомини беришни талаб қилиб чиқишмас эди.

Маълумки, ҳар бир давлат ўз тилига, ўз байроғи, мадҳиясига эгадир. Буларсиз бирон давлатни мустақил, ўзига хос йўлга эга деб бўлмайди. Чунки, тилдаги қарамлик бошқарувдаги қарамликка сабабдир.

Инсон қайси тилда сўзлашса, ўша тилда фикрлайди, бирон воқеа-ҳодисага муносабатини ўша тилда ифодалайди. Тилнинг инсон эътиқодига, хатти-ҳаракатларига, одоб-ахлоқига таъсир каттадир. Ўзбек бўлатуриб чет тилида сўзлашувчи одамларга эътибор берсангиз, уларнинг тушунчаси, тасаввури, дунёқараши, ўзини тутиши, муомаласи ўша тилдагиларга ўхшайди. Зеро, тил бутун танага амирдир. Тил қандай бўлса, бошқа тана аъзолари ҳам шундай бўлади.

Шуни баралла айта оламан: Биз қайсидир тилга боғлиқ эмасмиз, рус тили бўлмаса, миллат сифатида дунё харитасидан ўчиб кетадиган даражада кичик миллат эмасмиз. Рус тилисиз ҳам ўз қаддимизни тик тутиб, обрўйимизни сақлаб тура оламиз. Чунки, бизнинг илдизимиз чуқур, асосимиз мустаҳкам. Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Адиб Аҳмад Югнакий каби минг йиллар аввал туркий тилда ижод қилган боболаримиз бор. Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Машраб, Огаҳий, Фурқат, Завқий, Муқимий, Абдулла Қодирий каби туркий-ўзбек тилининг ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз бор. Биз ҳеч қачон ўзга тилларга қарам бўлмаганмиз. Бундан кейин ҳам қарам бўлмаймиз!

1989 йил 21 октябр куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Жорий йилнинг октябр ойида бу воқеага 30 йил тўлади. Афсуски, шунча муддат ичида ўз она тилимизни тўлақонли давлат тили қилиш йўлида қаттиқ жидду жаҳд қилмадик, тил билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга кўп ҳам эътибор қаратмадик. Буниси етмагандек, рус тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги гап-сўзлар дард устига чипқондек бўлди. Чунки ҳали ўзбек тилини тўлақонли давлат тили мақомига кўтариш борасида кўп саъй-ҳаракатлар қилишимиз лозим. Рус тилига давлат тили мақоми берилиши мустақил Ўзбекистон манфаатларига зид, халқимиз онги, тушунчаси, хулқ-атвори, миллий қадриятларига номуносибдир.

Хуллас, мен “Рус тилига давлат тили мақомини бериш” ҳақидаги ташаббусни фитна, иғво, деб биламан, илм-маърифат эгалари, зиёлилар, юртини, миллатини яхши кўрган ҳар бир фидойи инсон бундай ғайрли ҳаракатларга тиш-тирноғи билан қарши туриши керак, деган фикрдаман.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

245 марта ўқилди

Янгиликлар

Top