Ўзбекистон янгиликлари

Бугун сўнгги хатмона...

Бугун сўнгги таровиҳ, сўнгги хатмона… Бир ой мобайнида масжидларимиз намозхонлар билан, ихлоси баланд покиза қалб соҳиблари билан тўлиб тошди. Қуръони карим диёримиз узра таралиб, Аллоҳ раҳматлари ёғилиб турди. Роббимиздан сўраймизки, Рамазондан кейин ҳам ана шу иймон тантанаси қалбиларимизда, ҳаётимизда, хонадонимизда, масжидларда давом этсин. Умримиз ҳам худди рўза каби солиҳ амал, сабр-матонат ва якуни хурсандчилик онлари бўлсин!

Бугун қайси манзилда бўлманг, дуо қилинг азизлар, Рамазонда ибодатларини биз каби ҳузур-ҳаловатда ўтказа олмаган, балки, қўрқув ва таҳликада ўтказган, ифторликка егулиги бўлмаган, яқинларидан жудолик хабарини эшитган баъзи мусулмон халқлар ҳаққига дуо қилингки, келгусида йили улар ҳам биз каби осойишта осмон остида ибодат қила олсинлар. Ҳайитни байрам қила олсинлар, болалар юз-кўзларидаги ғамгинлик, таналаридаги дардларга Аллоҳ шифо ва шодлик ато этсин! Ёмонларга Ўзи кифоя қилгувчидир.

Бу кеча дуо қилинг, жонажон ватанимиз, бағрикенг халқимизни Аллоҳ ҳифзу ҳимоятида сақласин. Ибодат қилишимиз учун бизга бекаму- кўст шароитларни яратиб бераётган барча-барчадан Аллоҳ рози бўлсин, улуғ мукофотлар ато этсин! Доимо ана шундай саодатли кунлар, мунаввар кечаларда завққа тўлиб, бирдам ва аҳил бўлиб ибодат қилиш бахтини Тангримиз насиб этсин!

Бугун 03.06.2019 санасида Тошкент шаҳрининг қуйидаги сўнгги масжидда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:

  1. “Занги ота” жоме масжиди.  (“Занги ота” маҳалласи, Самарқанд дарвоза кўчаси 122–уй. Тел.: +99 876-40-09, +90 933-79-96 )

Имом-хатиб: Мадалиев Илҳомжон

Қорилар: Супиев Ёқубжон, Супиев Абдулазиз

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

 

218 марта ўқилди

Янгиликлар

Top