Ўзбекистон янгиликлари

Фоторепортаж: Масжидларда ҳайит намози кўтаринки руҳда ўтди

Рамазон ҳайити – бир ой давомида покланган, раҳмат чашмаларидан қониб қувват олган қалбнинг шодлик айёмидир бу кун! Кундузлари рўзадор, кечалари бедор бўлиб, Аллоҳ амрини адо этишга шижоат кўрсатган покиза нафснинг нурли тажаллиси зоҳир бўлгувчи байрамдир бу кун!

 

 

Сарвари Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу байрамни аҳли оилалари, асҳобларга совға саломлар улашиб катта шодлик ила қарши олганлар. Ҳатто, эътибордан четда қолган бир етим мурғак қалби чўкмасин дея, уни муборак елкаларида миндириб, сайр қилдириб, бағоят хурсанд этганлар. Орзиқиб кутилгувчи байрам нафаси аввало масжидлардан таралади. Шу боис юртимизнинг барча масжидларида Ҳайит намозини кўтаринки руҳда адо этиш учун масжидлар жамоаси, ҳуқуқ тартибот идоралари, нодавлат ташкилотлар ходимлари бир оила бўлиб туну-кун меҳнат қилдилар, намозхонлар учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб бердилар.

 

 

 

Бугун, 5 июн саҳаридан масжидларга отланган юртдошларимиз юз-кўзларида мамнуният билан байрам намозини адо этишга жойлашдилар. Имом-хатибларимиз барчани ушбу улуғ байрам билан қутлаб, Рамазон ойида амалга оширилган хайрли ишлар, эҳсон ва баракалар, бугунги  тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун Яратганга такрор ва такрор шукроналар айтдилар. Шунингдек, ҳайит байрами фазилатлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу айёмни қандай ўтказганликлари хусусида маъруза қилдилар.

 

 

 

 

Ҳайит намози адо этилгач, юртимизга тинчлик ва тараққиёт тилаб, элимизга файзу барака, хонадонларимизга ободлик, дастурхонларимизга тўкинлик, муборак Рамазон ойида қилинган барча ибодатлар эҳсон ва хайрияларнинг ҳусни мақбул бўлишини, келаси йил Рамазон ойларига ҳамда ҳайит кунларига бекаму-кўст етиб бормоғлигимизни сўраб дуолар қилинди.

 

 

Жомеларга ташриф буюрган намозхонлар эмин-эркин ҳайит намозини адо этиб, бир-бирларини байрам билан самимий муборакбод этишди. Масжидлардан бошланган хурсандчилик хонадонларга, ундаги ихлосли қалб соҳибларига кўчиб, иймоннинг, эзгулик ва биродарликнинг танатанаси бўлади иншааллоҳ. Рамазон ҳайити муборак бўлсин! 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

1899 марта ўқилди

Янгиликлар

Top