Ўзбекистон янгиликлари

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозисига «Фахрий профессор» унвони берилди

Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирини қорақалпоқ тилига биринчи бор таржима қилган Шамсиддин Баҳоуддиновга Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетининг «Фахрий профессори» унвони берилди.

Унвон Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университети илмий Кенгашининг 2019 йил 2 июль кунги қарорига асосан университетда тантанали маросимда берилди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мудири Шамсиддин Баҳоуддинов “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”ни қорақалпоқ тилига таржима қилиш устида етти йил давомида меҳнат қилди. Ушбу таржима ишида диний уламо ва устозларнинг тавсиялари, фикр-мулоҳазалари мунтазам равишда инобатга олинди. Таржима араб тилидаги мўътабар тафсир китобларига ҳам қиёсан олиб борилди.

Жорий йилнинг Апрел ойида нашрдан чиққан “Қуръони карим маъноларининг қорақалпоқ тилидаги таржимаси ва тафсири” китоби Қуръони каримнинг қорақалпоқ тилидаги илк таржимаси ва биринчи нашри бўлиб, қорақалпоқ халқи учун узоқ кутилган тарихий воқеа бўлди. Шу тариқа қорақалпоқ халқи асрлар оша эътиқод қилиб келган Ислом динининг бирламчи манбаини ўз она тилида ўқишга, маъноларини тафаккур килишга муяссар бўлди.

Шамсиддин Баҳоуддиновнинг шу кунга қадар: “Кәмил инсан” (“Комил инсон”), “Саламат ана ҳәм бала - жәмийет гиреўи” (“Соғлом она ва бола – жамият кўрки”), “Ораза пазыйлети” (“Рўза фазилати”), “Намаз оқыў қағыйдалары” (“Намоз ўқиш қоидалари”), “Марҳумларға азар бермейик” (“Марҳумларга озор бермайлик”) ва бошқа кўплаб асарлари, таржима китоб ва мақолалари чоп этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ш.Баҳоуддиновни ушбу юксак мукофот билан самимий муборакбод этиб, қорқалпоқ элига дину диёнатни, ислом маърифатини етказиш йўлида олиб бораётган хизматларида Аллоҳ таолодан яна кўплаб зафарлар тилаб қолади!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

1993 марта ўқилди

Янгиликлар

Top