Ўзбекистон янгиликлари

Хатирчи туманида имом-хатиб ўз жонига қасд қилишнинг салбий оқибатлари ҳақида маъруза қилди

Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил вақтларини фойдали ўтказиш, уларни интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган таҳдидлардан огоҳ этиш, жиноятчилик таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш тарбияга масъул бўлган ҳар бир мутасадди шахснинг вазифасидир.

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабида таътилдаги ўқувчилар, ота-оналар, мактаб ўқитувчилари иштирокида “Экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш каби иллатларнинг салбий оқибатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда “Мулла Хиёл” масжиди имом-хатиби Тўхтасин Раҳмонов йиғилганларга тарихда ва ҳозирда ислом номидан ҳаракат қилиб келган фирқалар, бузғунчи гуруҳлар тўғрисида хабар берди. Динимизда жиноятчилик, безорилик, гиёҳвандликнинг гуноҳи ҳақида мўътабар манбалар асосида сўзлаб берди.

Бундан ташқари, имом-хатиб ота-оналари чет давлатларга ишлаб пул топиш мақсадида узоқ муддатга кетган ёшларни эътиборсиз қолдирмаслик, бу борада маҳалла, таълим муассасаси, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириш зарурлиги тўғрисида ўз тавсияларини бериб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2332 марта ўқилди

Янгиликлар

Top