Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси “Ал-Азҳар” қошидаги академия бош котиби билан мулоқот қилди

15 июль куни Ўзбекистон делегацияси Миср Араб Республикаси Ал-Азҳар университети қошидаги “Мажмаъул буҳусил исламийя” (Исломий тадқиқотлар академияси) бош котиби Назир Муҳаммад Ийяд жаноблари билан учрашиб, икки мамлакат олимлари томонидан олиб борилаётган тадқиқот ишлари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Ўзбекистон делегацияси таркибига Диний идора Котибият мудири Муҳаммад Аюб Ҳомидов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, марказнинг нашриёт бўлими мудири Отабек Муҳаммадиев, Халқаро Ислом академияси бўлими мудири ўринбосари Бурҳониддин Аҳмедов ва Ҳадис илми мактаби директори Олимхон Юсупов киритилган.

Мулоқот чоғида қўлёзмаларни ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, қўлёзмалардан унумли фойдаланиш, икки томонлама ахборот алмашинувини йўлга қўйиш тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Учрашув давомида Бош котиб Исломий тадқиқотлар академияси томонидан Миср ва хорижда амалга оширилган илмий-маърифий ишларни намойиш этди. Бош котиб академия фаолияти, тарғибот йўналишлари, интернет портали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги ишлари, электрон нашрлари ҳақида маълумотлар берди.

Академия бош котиби Азҳар шайхи Аҳмад Тоййибнинг умумий раҳбарлигида Исломий тадқиқотлар академияси Ўзбекистондаги барча таълим муассасалари билан ҳамкорлик ва тажриба алмашишдан манфаатдор эканини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1837 марта ўқилди