Ўзбекистон янгиликлари

Туркистон, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ягона туристик кластерга бирлаштирилади

Қадимдан Марказий Осиё халқлари ўртасида ижтимоий-гуманитар алоқалар ривож топган. Минтақа халқларининг ягона тарихи, урф-одат ва анъаналаридаги муштараклик, маънавий яқинлик иқтисодий ҳамкорликнинг турли йўналишларида ўзаро ишонч руҳидаги шерикликни тараққий эттиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги муносабатларда кузатилаётган ижобий тенденция ана шундай дўстона алоқалар натижасидир. ЎзА хабарига кўра, Тошкентда 5 август куни “Ўзбекистон – Қозоғистон: бепоён кенгликлар – анъанавий меҳмондўстлик” мавзусида ташкил этилган навбатдаги тадбир ҳам икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши сифатида эътироф этилаётган туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, мамлакатларимизнинг сайёҳлик салоҳиятини биргаликда илгари суришдек муштарак мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли.

Тадбир 2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Туркистон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда Тошкент ҳамда Туркистон вилоятлари, дипломатик корпус вакиллари, икки мамлакат вазирлик ва идоралари, туризм саноатида фаолият юритаётган ишбилармонлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқотлари, сиёсий иродаси сабаб кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларида ижобий қадамлар қўйилди. Бой маданий меросни тарғиб қилиш ва шу орқали туризм саноатини янада ривожлантириш бўйича ижобий натижаларга эришилди.

Учрашувда Тошкент ва Туркистон вилоятларининг сайёҳлик салоҳияти акс этган, мавжуд туризм объектлари жозибадорлигини ошириш масалаларига бағишлаб тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Унда асосий эътибор чегара ҳудудларида жойлашган вилоятлар ўртасидаги ҳамкорликни тарғиб қилиш, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ва Қозоғистонда умумий сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш масалаларига қаратилди.

Мулоқот чоғида туроператор хизматлари, меҳмонхона, санатория ва дам олиш уйлари йўналишида фаолият юритаётган ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди, ягона сайёҳлик йўналиши бўйича хизматларни тақдим этиш механизмларини шакллантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон туризм соҳаси вакиллари В2В шаклидаги учрашувларда ҳамкорлик бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришиш имконига эга бўлди. Қозоғистон делегацияси аъзоларининг сафари Бухоро вилояти бўйлаб давом этади. Ташриф доирасида ўтадиган учрашувларда Туркистон, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини ягона йўналишда бирлаштирадиган туристик кластер ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

106 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top