Ўзбекистон янгиликлари

Мино водийсида ҳожиларимиз тоату ибодатда

9 август, зулҳижжа ойининг саккизинчи куни ўзбекистонлик зиёратчилар ҳаж амалларини бажаришга киришиб, оппоқ эҳромларини боғлаган ҳолда “лаббайка” айтиб Мино водийси томон йўл олдилар.
Дунёнинг турли ўлкаларидан келиб, муқаддас Макка шаҳрида жам бўлган миллионлаб мусулмонлар Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” деган ҳадиси шарифларидан умидвор ҳолда, ҳаж ибодатларини бошлашди.
Ишчи гуруҳи аъзолари Мино водийсида уларни кутиб олиб, ўзлари учун ажратилган чодирларга жойлаштирдилар. Зиёратчиларимиз аввалдан ҳозирлаб қўйилган саранжом ва саришта чодирларга кириб, зикру дуо ва ибодатларни бошлаб юбордилар. Уламолар томонидан қилинган мазмунли маърузаларни тингламоқдалар.
Муборак Мино водийсида ҳам юртдошларимиз учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Хусусан, таомларни тарқатиш, тиббий хизмат кўрсатиш, ичимли суви ва чой улашиш жойлари ҳозирланган.
Ислом тарихидан маълумки, Мино Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи бўлиб, у Масжид ал-Ҳарам шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган. Иброҳим алайҳиссалом шу ерда шайтонга тош отганлар ва қурбонлик қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам видолашув ҳажини адо этганларида тош отиб, қурбонлик сўйганлар. Ва: “Мана шу ерда қурбонлик қилдим. Минонинг барча ерида қурбонлик сўйилур”, деганлар.
Ҳожилар Арафа кунининг бомдод вақтигача шу ерда истиқомат қиладилар. Сўнгра Арафотга кетиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни яна Минога қайтадилар ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттирадилар.
Юртимиздан жўнаб кетган ҳожилар ҳам Набий алайҳиссаломнинг суннати санияларига амал қилиш ниятида шундай улуғ, муборак масканга йўл олдилар. Бу ерда ибодатнинг мағизи бўлган дуо билан машғул бўлиб, юртимиз, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги сўраб дуолар қиладилар.
Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг дуолар мақбул бўладиган лаҳза ва маконларда қилаётган дуоларини қабул этсин. Сўраганларидан ҳам афзалини берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2115 марта ўқилди

Янгиликлар

Top