Ўзбекистон янгиликлари

Арафотда ҳожилар Ҳақ таолога илтижо қилмоқда

Арафа шундай улуғ кунки, унинг ҳурматидан Аллоҳ таоло наинки Арафотдагиларни, балки у ерларга етиша олмаган барча мўминларнинг илтижоларини қабул қилади.
Ҳаж ибодатининг энг муҳим маносикларидан бири Арафот майдонида бир муддат туришдир. Зилҳижжа ойининг 9 куни фаришталар мисоли оппоқ кийимли ҳожилар Мино водийсидан Арафот майдонига кўчиб ўтишди. Арафотда бир муддат туриш ҳажнинг энг муҳим фарз амалларидан ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳаж – арафадир”, дея марҳамат қилганлар.
Арафот саҳроси Макка шимолида жойлашган Жабалур-раҳма тоғи этагидаги текстликдир. Макка шаҳри билан Арафот саҳроси ўртасидаги масофа 25 километрни ташкил этади.
Арафот шундай маконки, унинг шарофатидан Аллоҳ таоло ўша ерда умидли қўлларини самога кўтариб, зор йиғлаб турганларнинг тилакларини бермасликка, қўлларини бўш қайтаришга ҳаё қилади.
Шундай экан ҳамма ҳожилар Арафот тоғига бориб, Аллоҳ таолодан гуноҳларининг кечиришини сўраб ёлвордилар. Юртдошларимиз ўзлари, аҳли оилалари, ёру дўстлари ва барча мўмин-мусулмонларнинг ҳақларига дуолар қилиб, Улуғ Мавлога илтижо қилмоқдалар. Юртимизнинг тинч, халқимизнинг фаровонлиги бундан ҳам зиёда бўлишини, уларни мана шундай муқаддас заминда ибодатга қоим бўлиб, дуога қўл очиб туришларига ҳисса қўшган, хизматларида камарбаста бўлиб турган барча мутасаддиларнинг ҳам қалбларидаги эзгу ниятлари рўёбга чиқишини сўрадилар...
Уларнинг дилларида шундай улуғ ибодатга мушарраф бўлганлари учун чексиз қувонч, тилларида шукр, юзларида эса маънавий покланиш бахш этган ажиб нур порламоқда...
Ҳожиларимиз кун ботгунга қадар Арафот майдонида тоат-ибодат ва дуою илтижолар билан банд бўладилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

186 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top