Ўзбекистон янгиликлари

Подшоҳ меҳмонлари муборак Қурбон ҳайити билан қутлашди

Cаудия Арабистони Подшоҳи таклифига биноан ҳаж ибодатларини адо этаётган бир гуруҳ олимларимиз Арафот водийсида турли давлатлардан келган нуфузли уламолар билан биргаликда ҳаж амалларини адо этишмоқда. Ҳаж ибодатининг энг муҳим маносикларидан бири Арафот майдонида бир муддат туришдир. Зилҳижжа ойининг 9 куни фаришталар мисоли оппоқ кийимли ҳожилар Мино водийсидан Арафот майдонига кўчиб ўтишди. Арафотда бир муддат туриш ҳажнинг энг муҳим фарз амалларидан ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳаж – арафадир”, дея марҳамат қилганлар.

Уламоларимиз Арафот майдонида Подшоҳнинг меҳмонларига ажратилган чодирларга жойлашиб, таниқли олиму фузалолар билан мулоқотларга киришиб, илмий-маърифий суҳбатлар қуришмоқда. 

Ушбу жараёнларда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг марказий телеканали мухбирлари ўзбекистонлик уламолардан мамлакатимизда олиб борилаётган ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида интервьюлар олдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчи Абдуҳаким қори Матқулов интервью бериш чоғида муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, диний-маърифий жабҳадаги аҳамияти беқиёс ишлар, янги барпо этилаётган масжидлар, илмий мажмуалар, очилаётган диний таълим муассасалари ҳақида алоҳида тўхталди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов эса Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ташкил этилгани юртимизда Ислом дини илмини янада равнақ топтиришга хизмат қилаётганини сўзлаб берди.

Арафотдаги ушбу ўзбекистонлик уламолар Қурбон ҳайити муносабати билан муҳтарам Президентимизни ва барча юртдошларимизни муборакбод этиб, Аллоҳ таоло бутун халқимизга ушбу қутлуғ айёмни файзу баракотли қилишини, юртимиздаги тинчлик, осойишталик неъмати бардавом бўлишини ва халқимиз фаравонлигини янада зиёда этишини сўраб дуолар қилмоқдалар. 

Муборак сафар жараёнларини сайтимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1826 марта ўқилди

Янгиликлар

Top