Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Қурбон ҳайити бўйича брифинг бўлиб ўтди

Халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этадиган қадимий байрамимиз Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида чиқарилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига мувофиқ 2019 йил 11 август Қурбон ҳайити мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда.
Ҳайит байрамини нишонлаш бўйича:
Республикамизнинг барча туман, маҳалла, чекка қишлоқ ва овулларида, маданият ва истироҳат боғларида барча шароитлар яратилиб, маҳалла гузарларида савдо хизмати шаҳобчалари фаолият кўрсатмоқда.
Жорий йил 9-10 август кунлари ташкил этилган ҳашарларда мавжуд қадамжолар, тарихий обидалар ва қабристонларга асосий эътибор қаратилди.
Республиканинг барча ҳудудларида 441 та қадамжо ва зиёратгоҳлар, 836 та ёдгорлик ва обидалар ҳамда 8659 та қабристонларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Олис қишлоқлардан марказдаги зиёратгоҳ ва масжидларга кексалар махсус автобусларда олиб келиниб, уйларига қайта кузатиб қўйилди.
Жойларда 73087 нафар ногиронлар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга 6 млрд. 674 млн. 8 минг сўмлик;
88 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига эса 676 млн. 700 минг. сўмлик;
9570 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, нуроний кексаларга 1 млрд. 917 млн. 2 минг сўмлик;
жами бўлиб 9 млрд. 268 млн. 700 минг. сўм моддий ёрдам кўрсатилди ва бу каби ишлар давом этмоқда.
Бириктирилган “Маҳалла”, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”, “Нуроний” ҳамда ҳокимлик каби давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан уларга катта ҳурмат-эътибор кўрсатилди.
Республикадаги барча бозорларда тўкин-сочинлик, озодалик, тартиб-интизом таъминланиб, айрим маҳсулотларнинг нархлари 10-15 фоизга пасайтирилиши кузатилди ва бу ҳолат фуқароларимизнинг кайфиятини кўтариб уларга байрамона қувонч бахш этди.
Халқимиз, айниқса оқсоқоллар, нуроний онахонлар ва ёшларимиз жаннатмакон юртда яшаётганидан, унда тинчлик, тартиб-интизом, барака ҳамда Давлат раҳбаримиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли хайрли ишлардан ғурурланиб, хурсандчилик кўз ёшлари билан дуолар қилмоқдалар.
Қурбон ҳайити муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ҳамда диний соҳа вакиллари, имом-хатиблар иштирокида ташкил этилган 250 дан ортиқ чиқишлар марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари, Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилмоқда.
Ҳайит намози бўйича
Бугун, соат тонгги 05:35 дақиқадан то 06:25 дақиқагача бўлган белгиланган вақтларда Республикамиз минтақалари кесимида Ийд ал-Адҳо – Қурбон ҳайити намози адо этилди.
Республикада фаолият кўрсатаётган 2063 та масжидлардан 1985 тасида 2 миллион 239 минг 505 нафар фуқароларимиз ҳайит намозини ўқидилар. Жумладан, Андижон вилоятида 172 та, Наманган вилоятида 184 та, Фарғона вилоятида 189 та, Сирдарё вилоятида 69 та, Тошкент вилоятида 221 та, Тошкент шаҳрида 103 та, Жиззах вилоятида 168 та, Сурхондарё вилоятида 109 та, Самарқанд вилоятида 271 та, Бухоро вилоятида 101 та, Навоий вилоятида 70 та, Қашқадарё вилоятида 181 та, Хоразм вилоятида 97 та ва Қорақалпоғистон Республикасида 50 та масжидларда адо этилди.
Тошкент шаҳрида 103 та масжидда 465 минг нафар ҳамюртларимиз Ҳайит намозида иштирок этдилар. Хусусан, Ҳазрати Имом мажмуасида 17 минг нафар, “Минор” масжидида 16 минг 300 нафар, Шайх Зайниддин масжидида
31 минг 200 нафар, “Сузук ота”масжидида 5 минг 800 нафар ва “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидида 5 минг нафардан ортиқ фуқароларимиз жам бўлдилар.
Намозларда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, мустақиллик туфайли исломий қадриятларнинг тикланиши ва ривожланиши, диний эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва эзгулик ишларига муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган юксак эътиборга шукроналик билдирдилар ва дуолар қилдилар.

Хавфсизликни таъминлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ҳайит намозини жойларда тартибли, тинч-осойишта ўтиши таъминланди.
Жумладан, 22 минг 450 нафардан зиёд ички ишлар ходимлари байрам ўтадиган объектларга жалб этилган.
Барча катта масжидларга тез тиббий ёрдам машиналар бириктирилди (1150 дан ортиқ тез ёрдам машина, 1985 та тиббиёт пункти) ва аҳолидан ҳеч қандай шикоятлар бўлмади.
Яна бир маълумот, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига шу бугун, Ҳайит байрами куни дастлабки маълумотларга кўра, 5 млрд. 966 млн.сўмдан зиёд маблағ келиб тушди. Мазкур маблағларнинг тасарруфи шаффофлик асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бу йил “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Қурбон ҳайити муносабати билан “Янгилик” акцияси амалга оширилмоқда. Бугун соат 11.00 гача Фонд томонидан 15 тонна 410 кг., яъни 739 млн. 680 минг сўмлик гўшт маҳсулоти тарқатилди.
Шу ўринда маълумот учун:
Бугунги кунда Ислом арконларидан саналмиш Ҳаж ибодатини адо этиш учун кузатилган 7200 нафар ўзбекистонлик зиёратчиларимиз соғ-саломат. Ҳаж сафари давомида яратилган шароитлар, хусусан, юқорида даражадаги сервис хизмати, Мадина ва Макка шаҳарларида 5 ва 4 юлдузли меҳмонхоналар, Арафот майдони ва Мино водийсида яратилган қулай шароитлар ҳамда ўтган йилга нисбатан муборак сафар учун 1000 АҚШ долларига тенг миқдорда арзонлаштирилган нархлар ва бошқа шу каби юксак эътибор учун шукроналик билдириб, Юртимиз тинчлиги ва омонлиги йўлида дуолар қилмоқдалар.
Зиёратчилар Ҳаж сафаридан жорий йил 17 август - 1 сентябрь кунлари махсус жадвалга мувофиқ қайтишлари режалаштирилган.
Фурсатдан фойдаланиб, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик байрами – Қурбон ҳайити билан барча юртдошларимизни Дин ишлари бўйича қўмита номидан самимий қутлаймиз!

Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати

1668 марта ўқилди