Ўзбекистон янгиликлари

Қўқон Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилди

Қўқон биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилиши арафасида Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига (World Craft City) киритилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Шу муносабат билан, Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши (World Craft Council) президенти Рози Гринлис ва Жаҳон ҳунармандчилик кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси (WCC-APR) бўйича президенти Гада Хижави-Каддуми қуйидагиларни таъкидлаб ўтишди.

“Жаҳон кенгашига берилган ариза эвазига, биз ҳунармандчилик Қўқон шаҳри маданияти ва саноатида катта роль ўйнаши ҳақидаги хулосага келдик. Қўқон ҳунармандлар шаҳарлари жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши қувонарлидир. Қўқон рўйхатга киритилиши билан боғлиқ ўз мажбуриятларини бажариши ва бутун дунё ҳунармандлари учун умумий платформа яратиш мақсадида халқаро алмашувларни кенгайтириши, ҳунармандчилик шаҳарлари тармоғидаги бошқа шаҳарлар билан фаол ҳамкорлик қилишига умид қиламиз”, деб айтган Рози Гринлис.

Ўз навбатида, Гада Хижави-Каддуми Қўқоннинг ушбу муваффақияти учун самимий қувонч билдирган ва Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига ўз маданий меросини сақлаши ва янада кўпайтиришида улкан зафарлар тилаб қолган.

Таъкидлаш жоиз, Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхати 2014 йилдан бери мавжуд бўлиб, унга айни вақтда дунёнинг 30 шаҳри киритилган.

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси 2019 йил мартидан Жаҳон ҳунармандчилик кенгашига аъзоликка қабул қилинган.

Қўқонда жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1697 марта ўқилди

Янгиликлар

Top