Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Модуль таълим тизимида иккинчи давра ўқишлари бошланди

Ҳозирги даврда республикамизда диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, жамиятдаги ижтимоий иллатларга барҳам бериш вазифалари диний соҳада малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантиришни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан Тошкент ислом институтида 2019–2020 ўқув йилидан Модуль таълим тизими жорий этилди. Ушбу таълим тизими орқали имом-хатиблар асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқишга қабул қилинмоқда. 2019–2020 ўқув йилида Модуль таълим тизимига 120 нафар ўрта махсус маълумотли имом-хатиб саралаб олинди. Шулардан 60 нафари 1-даврани тамомладилар.

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Тошкент ислом институтида Модуль таълим тизимида 2-давра ўқишлари бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ва Диний идора раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди ва Абдуҳаким қори Матқулов томонидан 2-давра ўқишлари муваффақиятли ўтишини сўраб дуолар қилинди. Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров сўзга чиқиб, диний таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Тошкент ислом институтида жорий этилган Модуль таълим шакли тўғрисида маълумот бериб, 2-давра талабаларини муборакбод этиш учун сўзни Иброҳим домла Иномовга берди.

Иброҳим домла Иномов барчани янги ўқув давраси билан қутлаб, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг табрикларини етказди. Шунингдек, мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳа фаолиятини ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, ҳозирги даврда барча бирдай огоҳ бўлиши, хусусан, имом-хатиблар ўз устида тинмай ишлаши лозимлиги, доимий равишда билим ва кўникмани ошириб бориш бугунги куннинг талаби эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир сўнгида "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ҳар бир талабага Қуръони карим китоби совға қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2115 марта ўқилди