Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Озарбайжон Илоҳиёт институти раҳбарияти билан учрашдилар

13 ноябрь куни Озарбайжон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича Давлат қўмитаси раиси Мубариз Гурбанли ва Озарбайжон Илоҳиёт институти ректор Сайхун Мамедов билан билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистонннинг Озарбайжондаги элчиси Шерзод Файзиев иштирок этди.
Мулоқотда Ислом дини қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, малакали диний кадрларни тайёрлаш, турли хатарларга қарши ҳамкорликда курашишга оид масалалар муҳокама қилинди.
Озарбайжон Илоҳиёт институти Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2018 йил 9 февраль кунги фармойиши асосида ташкил этилган. Ушбу институтни ташкил қилишдан асосий мақсад, диний соҳада фаолият юритадиган юқори малакали кадрларни тайёрлашдан иборатдир.
Бугун 14 ноябрь куни Боку шаҳрида Иккинчи Боку дунё диний етакчиларининг саммити бошланади. Тадбирларда дунёнинг турли мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этади.
Мазкур халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1703 марта ўқилди