Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратларининг Қорақалпоғистон диёрига сафарлари бошланди

Бугун, 3 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб сафарлари бошланди.
Тараққиётимизнинг янги даврида бошқа минтақалар қатори Қорақалпоқ диёри ривожланишига ҳам улкан эътибор берилмоқда. Бугунги кунда Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари, шаҳар ва қишлоқлар, ҳатто чекка овулларгача ҳар томонлама ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Бунда, айниқса, давлатимиз Раҳбарининг бевосита ташаббуси билан изчил амалга оширилаётган ривожлантириш дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзгаришлар баробарида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, масжид-мадрасаларни янада обод этилиши, мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўпчиликни мамнун этмоқда.
Ташрифдан кўзланган мақсад ҳам қорақалпоқ диёрида диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, имом-хатиблар билан учрашиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан фикр алмашиш, муаммо ва таклифларни тинглаш, ўз навбатида, амалга оширилган ишларни фуқаролар юз-кўзида кўришдан иборатдир.
Куннинг биринчи ярмида Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида имом-хатиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди.
Шунингдек, мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Йиғилиш якунида "Вақф" хайрия жамғармаси томонидан имом-хатибларга Қуръони карим тарқатилди.
Қорақалпоғистон сафари давом этмоқда.

 

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1702 марта ўқилди

Янгиликлар

Top