Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси маркази – халқаро эътироф ва ҳавасга лойиқ маскан

18 январь куни Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: мақсад ва вазифалар, истиқболдаги устувор йўналишлар” мавзусида тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда марказ директори Шоазим Миноваров, директор ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, институт ректори Гулчеҳра Рихсиева, ректор ўринбосари А.Воҳидов, марказ илмий ходимлари, талабалар ҳамда устозлар жамоаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Ш.Миноваров Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-тарихий концепцияси, лойиҳаси, мақсади ва вазифалари ҳақида талабаларга батафсил маълумот берди. Марказ бор мазмун-моҳияти билан аждодларимиз ва халқимиз эътиқод қилиб келаётган табаррук Ислом динининг илмга, эзгуликка, бағрикенглик ва олижанобликка даъват қилувчи эътиқод эканини намойиш қилишини, йиллар, асрлар мобайнида халқимизга, биринчи навбатда ёш авлодга хизмат қилажаги алоҳида таъкидланди. Ислом цивилизацияси маркази лойиҳасининг аллақачон халқаро эътироф ва қизиқиш, ҳавасга лойиқ бўлиб улгургани қайд қилинди. Марказ раҳбари шунингдек “Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази” илмий-оммабоп журналининг илк сонини йиғилганларга тақдим қилди.
Ислом цивилизацияси маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган юртимиз алломаларининг илмий ва маънавий мероси тўғрисида тадбир иштирокчиларига маълумот берди. У юртимизда сақланаётган минглаб қўлёзмаларнинг мавзусига кўра энг долзарблари ажратилиб, таржимага тайёрланаётгани, қўлёзмаларда жуда қимматли маълумотлар тўплангани тўғрисида тадбир иштирокчиларини хабардор қилди.
Тақдимотдан ниҳоясида институт тадқиқотчилари ва талабаларининг саволларига жавоб қайтарилди.


Ислом цивилизацияси маркази Матбуот хизмати

1717 марта ўқилди

Янгиликлар

Top