Ўзбекистон янгиликлари

Ҳожиларимизга сифатли хизмат кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди

21 январь куни Саудия Арабистони сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Мино, Арофот, Муздалифа водийсига зиёратга борган ҳожиларга хизмат кўрсатувчи “Тавофа” муассасаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда 2020 йилги ҳаж мавсумига тайёргарлик масалалари, хусусан, ўзбекистонлик ҳожиларга жой ажратиш, уларга қўшимча енгилликлар қилиш, ўтган йилларда кузатилган камчиликларни тузатиш ва хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳукуматига, “Тавофа” муассасаси раҳбарига миннатдорлик билдириб, юртимиз ҳожилари номидан илиқ фикрлар айтилди.
Ўз навбатида “Тавофа” муассасаси раҳбари Ториқ Анқовий ҳам ўзбекистонлик ҳожиларнинг интизом ва тартибга риоя қилишда бошқа давлат ҳожиларига намуна бўлиб, қонун-қоидаларга юқори даражада амал қилишларини эътироф этди ва ўзаро ҳамкорликдан мамнун эканларини изҳор қилди.
Самимий мулоқот сўнгида иштирокчилар келгусида ҳамкорлик ишларини яхши сурат ва сифатда давом эттиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1789 марта ўқилди

Янгиликлар

Top