Ўзбекистон янгиликлари

Абитуриентлар учун яратилган имкониятдан фойдаланинг

Юртимизда сўнги йилларда миллий-диний қадриятларимизга бўлган эътибор янада кучайтирилиб, ислом дини равнақи йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий асарларини ўрганишга кенг имкониятлар яратилмоқда.

Жумладан, олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун барча қулайликлар яратиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида 2018 йил Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби олий диний таълим муассасаси шаклида ташкил этилди.

Маълумки, жорий йилнинг 20 июнидан qabul.muslim.uz расмий сайти орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш жараёнлари бошланди.

Ҳадис илми мактабига абитуриентларнинг ҳужжатлари онлайн тарзда қабул қилиш жорий йилнинг 20 июнидан 10 июлига қадар (шу куни ҳам) давом этмоқда.

Мактабнинг жорий йилдаги қабул имтиҳонлари ўтган йилги тажриба асосида, карантин тартибидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 15 июлига қадар ўтказилиши режалаштиримоқда.

Қабул имтиҳонлари натижалари имтиҳон жараёнлари ўтганидан сўнг тезда эълон қилинишини инобатга олиб, Мактаб абитуриентлари имтиҳон натижаларидан келиб чиқиб, кириш учун етарли балл тўплай олмаган тақдирда ҳам, улар қабул имтиҳонларига қатнашиш орқали имтиҳон жараёнлари бўйича тажриба ҳосил қиладилар. Бундан ташқари 20 июлга қадар бошқа олий диний таълим муассасасига ҳужжат топшириб, қайта имтиҳон жараёнларига иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.

Ҳадис илми мактаби қабул имтиҳонларида мувофақиятли ўтган абитуриентлар юртимиз ва жаҳонда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб бораётган Мактабнинг талабаси деган шарафли номга эришишлиги билан бирга, муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратларининг мақбаралари ёнида миллий ва замонавий услубда барпо этилган олий даргоҳда хорижий ва маҳаллий етук малакали ўқитувчилар орқали бошқа олий диний таълим муассасаларининг ўқув режасидаги барча мутахассислик фанларини тўлиқ ўзлаштиришлари билан бирга, сиҳоҳи ситта (ислом оламида эътироф этилган олтита ишончли ҳадис тўпламлари) ҳадис тўпламларидаги ҳадисларни мўътабар шарҳлари билан тўлиқ ўрганиш бахтига мушарраф бўлишади.

Шунингдек, Ҳадис илми мактабида ислом илмлари ривожида ўз ўрнига эга буюк аждодларимизга муносиб авлодлар етиштириб чиқариш учун замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, Миср Араб Республикасидан келтирилган асосий ва қўшимча ўқув адабиётларига эга Ахборот-ресурс маркази, ёпиқ сув ҳавзаси ва спорт зали, шинам талабалар турар жойи ва замонавий ошхонага каби кулай шароитларга эга бинода таҳсил олиш имкониятига эга бўладилар.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан ташкил этилган Ҳадис илми мактаби улуғ алломаларимизга бўлган эътибор ва эҳтиром рамзи ўлароқ, уларга муносиб авлодларни етиштириб чиқариш сари қўйилган муҳим ташаббусдир.

Ҳадис илми мактабига қабул тўғрисидаги тўлиқ маълумотни www.hadith.uz сайтидан олишингиз мумкин.

 

2995 марта ўқилди

Янгиликлар

Top