Ўзбекистон янгиликлари

Модул таълим шаклига кириш имтиҳонлари қандай ўтказилди?

Бугун, 8 сентябрь куни соат 7:00 дан 9:20 гача Ҳазрати Имом мажмуаси очиқ майдонида Тошкент ислом институтининг Модуль таълим шакли бўйича кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Унда абитуриентлар ихтисослик фанлар мажмуаси ва ижтимоий-гуманитар фанлар мажмуаси фанларидан тест синовидан ўтди.

Тест синовларида абитуриентлар карантин талабларидан келиб чиқиб, дизенфекция тоннелидан ўтказилди, тана ҳарорати ўлчанди, тиббий ниқоб, қўлқоп ва кепка билан таъминланди.

Бугунги имтиҳонни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очди ва имом домлаларга омад тилади. Анъанага кўра, имтиҳон Муҳаммадали қори Қуръон тиловат қилинди ва Уйғун домла Ғафуров абитуриентларга Аллоҳ таолодан муваффақият тилаб дуо қилди. Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Бобомурод Рустамов сўзга чиқиб, Модуль таълим тизими ҳақида маълумот бериб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича тузилган махсус ҳайъат томонидан тайёрланган саволлар китоби ва жавоблар вароғи жойлаштирилган қоплар абитуриентлар иштирокида очилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов жавоблар вароғини тўғри тўлдириш бўйича маълумотлар берди.

Тест синовлари учун 2 соату 20 минут вақт берилди. Пандемия шароитида абитуриентларга қулайлик яратиш учун мандат жавоблари бугуннинг ўзида аср намози вақтида эълон қилинади.

***

Эслатиб ўтамиз, 2020 йили Тошкент ислом институти Модуль таълим тизимига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатлар карантин тартибларидан келиб чиқиб, масафавий тарзда modul.muslim.uz портал орқали 15 июлдан 30 июлгача қабул қилинди.

2020-2021 ўқув йилги қабул имтиҳонларини коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш учун очиқ майдонларда ўтказиш белгиланди. Шу боис Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида ўтказилаётган қабул имтиҳонларини карантин талабларига қатъий амал қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, абитуриентларнинг узоқ вақт бир жойда ўтириб қолишига йўл қўймаслик каби қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қабул имтиҳонлари учта фандан иккита фанга ўтказилди, ижодий имтиҳонлар қисқартирилди.

***

Маълумот учун, Тошкент ислом институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус маълумотга эга имом-хатибларни олий маълумотли кадрлар қилиб тайёрлаш мақсадида Модуль таълим тизими жорий қилинди.

Модуль таълим тизимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасалари, яъни мадрасаларни тамомлаган, 5 йил ва ундан ортиқ муддат давомида масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилинади.

Модуль таълим тизимига абитуриентлар номзодларини Ўзбекистон  мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти ва вилоятлар вакиллари тавсия этади. Талабалар Модуль тизимида тўлов-контракт асосида 3 йил таълим олади, хориж фуқаролари ўқишга қабул қилинмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

1899 марта ўқилди

Янгиликлар

Top