Ўзбекистон янгиликлари

Мисрлик олим, «Бухоро. Ислом цивилизацияси ёдгорликлари" китоби муаллифи "Дўстлик" ордени билан тақдирланди

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Ойбек Усмонов Миср – Ўзбекистон дўстлик жамиятининг фаол аъзолари, Қоҳирадаги таниқли олим ва ёзувчилар – профессор Магди Заабал, Аҳмад Рагаб Ризк, доктор Ал-Саид Хани ва Миср Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдураҳмон ал-Хамиси билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Элчи учрашув аввалида Қоҳира университетининг Археология факультети профессори, мисрлик олим Аҳмад Рагаб Ризканини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида муҳим дастурларни тарғиб қилишда амалий ёрдам бергани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан топширилган Ўзбекистоннинг юксак давлат мукофоти – "Дўстлик" ордени билан табриклади.
Аҳмад Рагаб Ризк узоқ йиллардан буён Мовароуннаҳр олимлари, илоҳиётшуносларининг бой маънавий-илмий мероси бўйича батафсил, шу билан бирга, чуқур тадқиқот ишларини олиб бормоқда. У Ўзбекистон фан ва маданиятининг ноёб ёдгорликларига бағишланган қатор китоб ҳамда монографиялар муаллифи. Икки жилдли «Бухоро. Ислом цивилизацияси ёдгорликлари" китоби ҳам унинг қаламига мансуб. Мисрлик олим Тошкент, Самарқанд, Хива, Фарғона, Қўқон, Термиз каби дунёда тан олинган тамаддун марказларида жойлашган тарихий ёдгорликларга бағишланган қатор илмий мақолаларни нашрга тайёрламоқда.
Учрашувда профессор Аҳмад Рагаб Ризк Ўзбекистон Президентига меҳнати ва саъй-ҳаракатларини1 юқори баҳолагани учун самимий миннатдорлик билдирди ва Шарқ мамлакатларида Ўзбекистон халқининг бой тарихи ва маданиятини оммалаштиришга ўз ҳиссасини қўшишда давом этишини қайд этди.
Тадбир доирасида Миср – Ўзбекистон дўстлик жамияти фаоллари билан 2020-2021 йилларда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тақдимот, кўргазма, веб-семинар ва бошқа тадбирларни тайёрлаш ҳамда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1502 марта ўқилди

Янгиликлар

Top