Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

ANDROID  
IOS 

 

Қуръони каримга мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда қироат илми устози Шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғлининг “Al-Quran” номли мобиль иловаси мўмин-мусулмонларга тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг маслаҳатлари ва тавсиялари асосида ушбу дастур тайёрланди.

Юртимизда Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш борасида амалга оширилган ишлар доирасида Мусҳафи Шариф чоп этилди, диний таълим муассасалари қошида Қуръон ва тажвид курслари фаолияти йўлга қўйилди, мазкур илова ҳам ушбу хайрли ишларнинг бевосита давоми ҳисобланади.

 

Al-Quran.uz иловаси қуйидаги 6 та бўлимни ўз ичига олади:

1. Аудио-видео қўлланма. Ушбу бўлим “Ҳарфлар”, “Қоидалар”, “Калималар”, “Суралар” каби қисмлардан иборат.

“Ҳарфлар” бўлими орқали мад харфларигача бўлган 28 та ҳарфнинг барчасини алоҳида ўқиб тушунтирилган. Араб ҳарфларини ўрганиш билан бирга ҳарфларнинг махраж ва сифатларига риоя килган ҳолда мукаммал талаффуз қилишни ўргатилган.

“Қоидалар” қисмида “Мад”, “ташдид”, “танвин”, “алиф ва ҳамза”, “лом”, “васл”, “вақф”, “идғом", “иқлоб” каби қоидаларга мундарижа орқали кириб, уларни батафсил ўрганиб олиш имконига эга бўлинади.

“Калималар” қисмида эса ҳар бир мусулмон билиши лозим бўлган етти имон калимаси жойлаштирилган: Калимаи тоййиба (тўғри сўз), Калимаи шаҳодат (иқрор калимаси), Калимаи тавҳид (тавҳид калимаси), Калимаи раддил куфр (куфрни рад этиш калимаси), Калимаи истиғфор, (мағфират сўраш калимаси), Калимаи тамжид (улуғлаш калимаси), Имони мужмал (имоннинг қисқа ифодаси) ва Имони муфассал (имоннинг батафсил ифодаси).

“Суралар” қисмида “Фотиҳа”, “Бақара” сурасининг аввалги 5 ояти ҳамда “Шамс” сурасидан “Нас” сурасигача бўлган суралар илова қилинган.

 

2. Ал-Фотиҳа онлайн хизмати. Ушбу хизматга мўмин-мусулмонлар ўзларининг қироатларини юборишлари мумкин. Ижозали ва тажрибали устозлар томонидан ушбу тиловатлар текширилиб, хато ва камчиликлари мухлисларга етказилади. Зеро, Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ҳам ўргатувчилардир!”, дея марҳамат қилганлар.

Эслатиб ўтамиз Ал-Фотиҳа онлайн хизмати 2021 йил февраль ойида ишга туширилади, инша Аллоҳ.

 

2. Ҳар бир ҳудуд учун алоҳида намоз вақтлари. Намоз энг улуғ фарз амал ҳисобланади. У банда Аллоҳнинг неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп.Намоз ибодати бир кунда беш марта фарз қилинган. Ким беш вақт намозини ўз вақтида яхшилаб ўқиса, унга дунё ва охиратда яхши ваъдалар берилган. Зеро, Қуръони каримда “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир”, дейилган (Нисо сураси, 103-оят).Шу нуқтари назардан мўмин-мусулмонларимиз муҳим ибодатларини ўз вақтида адо этишларида ушбу иловадаги ҳар бир ҳудуд учун алоҳида намоз вақтлари энг яқин кўмакчи бўлади.

 

4. Қиблани аниқловчи кўрсаткич. Намоз ўқишда юзланиб турадиган томон “қибла” дейилади. Қибла Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳаромдаги Каъба ўрнашган жойдир. Масжидул Ҳаромдаги кишилар Каъбанинг ўзига, бошқа минтақалардагилар эса Каъба бор тарафга юзланиб намоз ўқийдилар. Ислом динида қибла қайси томонда эканини билишга ҳаракат қилиш, ўзи билмаса, албатта билишга интилиш шарт.

Шу боис, намозхонлар учун турли жойларга борганда ёки сафарга чиққанда қиблани аниқлашда қулайлик қилиш мақсадида, ушбу иловада Қиблани аниқловчи кўрсаткич хизмати жойлаштирилган.

 

5. Қуръони карим тиловатлари. Каломи шариф тиловати жуда ҳам фазилатли амал. Унинг тиловати нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта таъсири каттадир. Қуръони карим қироатининг ўзига яраша қалбга, ҳис-туйғуга боғлиқ бир қанча сирлари бор. Зеро, уни танглаш ниҳоятда савобли ишдир. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат қилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”. Ибн Жазвий “Ушбу оятга кўра, Қуръонга қулоқ солувчига раҳмат ниҳоятда яқин бўлади”, деганлар.

Шуни ҳисобга олган ҳолда мазкур иловада энг машҳур қори Халил Хусорийнинг Қуръони каримнинг 30 жузи тиловати ўрин олган. Келгусида энг хушовоз ва мужаввид қориларнинг қироатлари билан янада бойитиш режалаштирилган.

 

6. Кундалик зикр ва дуолар. Аллоҳни зикр этган ва Унга дуо қилган инсоннинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қилади, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (хотиржамлик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Ўзини эслаган банданигина эслайди: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152)

Ушбу иловада кун давомида белгиланган вақтлар ва ҳар хил ҳолатларда ўқиш тавсия этилган зикрлар ва мустажоб дуолар Набий алайҳиссаломдан қилинган ривоятлар асосида баён этилган.

 

Маълумот ўрнида, Al-Quran.uz мобиль илова лойиҳа раҳбари Шайх Алижон қори Ал-Азҳар университетининг Шариат ва Қонун факультети ҳамда Улумул Қуръон ва қироат илмларига ихтисослашган илм даргоҳларида таҳсил олган. Шайх Алижон қори Қуръони карим ва тажвид илми бўйича энг мўътабар устозларнинг ижозаларини олган.

 

Эслатиб ўтамиз, Al-Quran.uz иловаси қатор инновацион ишланмалар бўйича қулайдир. Айни пайтда иловани App Store ва Google Play тизимидан юклаб олиш мумкин. Илова IOS ва Андроид мобиль тизимларда ишлаш имкониятига эга.

Аллоҳ таоло ушбу инновацион лойиҳани барчамизга муборак айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

 

 

 

5437 марта ўқилди