Ўзбекистон янгиликлари

Сигнал миноралари нима учун қурилган?

Қорақалпоғистон Республикасида эътиборли тарихий ёдгорликларнинг бири бу сигнал минораларидир. 

 

Нима учун улар сигнал миноралари деб номланади? Миноралар нима учун қурилган ва нимага хизмат қилган?

Тарих фанлар номзоди, археолог, гид Октябр Доспанов бу ҳақида қуйидаги маълумотни берди.

— Бу каби сигнал миноралари Хоразм давлатида X-XIII асрларда қурилган. Асосан улар Амударёнинг ўнг қирғоғида, яшаш жойларига, қишлоқларга яқин ерларда жойлашган. Чап қирғоғида эса йўқ. X асрда Хоразмда сиёсий вазият ўзгариб, пойтахти Қият (манбаларда Кат, Кят, Қат номлари билан учрайди. Ҳозирги Беруний тумани ҳудудида – Е.Қ.) шаҳридан чап қирғоққа Гургандж (Кўҳна Урганч) шаҳрига кўчади.

Давлатнинг икки томонлама ўртасидаги чегара бу Амударёдир. Бу каби миноралар фақат дарёнинг бўйида эмас, балки Устюртда, Орол денгизи бўйларида ва Кўҳна Урганч чегараларида ҳам кўплаб топилган.

Сигнал миноралар Буюк Ипак йўллари бўйлаб қурилган. Шу орқали карвонларга ёрдамчи вазифасини ўтаган. Энг тепасига олов ёқилиб, олисдан карвон келаётгани ҳақида яқин қишлоқларга хабар (сигнал) берилган.

Минораларнинг қурилиш материаллари ер шароитига мослашган ҳолда танланган. Устюртда тошдан, маданий марказлар ва дарёга яқин жойларда (лой бор ерларда) хом ғиштдан қурилган. Бугунги кунгача баландлиги 7-14 метргача сақланиб келган.

Абу Райҳон Муҳаммад Ибн Аҳмад ал-Беруний (973–1048 йй.) ўз асарларида савдо алоқалари, хусусан Оғузлар билан Хоразм давлатининг сулҳ тузишлари ва маданий алоқалари ҳақида, улар ўртасидаги савдо алоқаларининг мустаҳкам бўлганлигини таъкидлаб ўтган. Олтин Ўрда даврида ҳам ушбу алоқаларнинг кенг ривожланиб ўтганлиги тўғрисида Плано Карпини, Ибн Баттута, Балдучи Пегалотти, Бартольд ва ҳ. каби қатор олимлар ва саёҳатчилар маълумот қолдирган.

Юқорида айтилганидек, ушбу минораларнинг асосий вазифаси – олов ва тутун орқали карвонларнинг яқинлашгани тўғрисида яқин жойлардаги аҳолига хабар етказишдир. Шу боис унинг учида шакли қувурга ўхшаш йўлак бўлиб, қуйи қисмида кичкина дарча (печь) жойлаштирилган. Шу ерга олов ёққан. Оловнинг тутуни қувур орқали босим билан юқорига тортган. Кўпинча булардан қазилган вақтда қамишнинг қолдиқлари кўплаб топилмоқда. Сабаби, қамиш ёнғич ва ўзидан қуюқ тутун чиқарувчи ўсимлик саналади.

Миноранинг бу жойларда жойлашганининг яна бир сабаби у жойларда ҳунармандчиликнинг кенг ривожланганидан далолат беради. Сабаби савдо карвонлари фақат буюмларини сотибгина қўймасдан, сотиб олиш қобилиятига ҳам эга бўлган. Бунинг далили сифатида, минора жойлашган ерга яқин Султон Увайс тоғидан Ю.П.Манылов томонидан 300дан ортиқ қимматбаҳо тошлар қазиб олишга мўлжалланган шахталарнинг топилишидир. Тоғнинг этагида тош ўймакорлиги билан шуғулланувчи устахоналар топилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирги Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти музейида мрамордан ишланган капитель ҳам шу жойдан топилган.

Шунга ўхшаш ўрта асрларга оид буюмлар кўплаб давлатларнинг музейларидан топилмоқда. Масалан, Хива шаҳридаги музейларнинг биридаги эриган тошдан ишланган чойнак, Мисрда тошдан ишланган капитель ва бошқа ҳар хил буюмлар топилган.

Аввал таъкидлаганимиздек, сигнал минораларини Устюртда ҳам кўплаб учратиш мумкин ва улар асосан Буюк Ипак йўли бўйлаб қурилган.

Қадим ва ўрта асрларда Марказий Осиё мамлакатлари Шарқий Европа ва Волга бўйлари билан савдо карвон йўллари Устюрт орқали боғланган. Устюртдаги минораларнинг яна бир вазифаси аҳолини душманлардан огоҳлантириш учун ҳам қўлланган.

Қорақалпоғистон ҳудудидаги Устюртда ҳар 30-40 км (бир кунлик карвон йўли) оралиқда Пулжай, Қосбулоқ, Кўптом, Чурук, Беловли, Ажигелди, Учқудуқ номли карвон саройлар бор.

Археологик маълумотларга қараганда, IX-X асрларда саҳро кўчманчиларидан воҳа чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилган. Устюрт қирининг ҳамма баландликларида қалъалар бўлган. Уларнинг олдида хабар берувчи тепаликларда динглар, яъни маёқ миноралар бўлиб, улар тошлардан терилган. 

Улар шундай қилиб қурилганки хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин хавф ёки карвон яқинлашаётганда олов ёки тутун билан хабар бериш мумкин бўлган. Сигнал берилгач бир соат ичида ҳар қандай шароитда ҳам чегарадаги ҳамма гарнизонлар қўзғалган. Гарнизонлар Орол денгизидан Сариқамишгача бўлган барча қалъаларда бўлган.

Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат)

1620 марта ўқилди

Янгиликлар

Top